Ҳукумат қарори (527-сон, 20.08.2025 й.) билан “Касб ва хорижий тилларга ўқитиш учун ваучер бериш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
🔰 Низом ишсизлар, шу жумладан, “Камбағал оилалар реестри”га киритилган оилаларнинг ишсиз аъзолари ёки расмий даромадга эга бўлмаган иш қидираётган шахсларни касб ва хорижий тилларга ўқитиш харажатларини ваучер асосида қоплаб бериш тартибини белгилайди.
✅ Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ecosys.mehnat.uz тизимида ваучер асосида ушбу тоифадаги шахсларни ўқитадиган таълим ташкилотларининг электрон реестри юритилади.
📜 Талабгор ваучер олиш учун Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимларига тўғридан-тўғри ёки маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари орқали, шунингдек, ecosys.mehnat.uz тизими орқали ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
🔗 Талабгорга, биринчи навбатда, туман (шаҳар) бўлимлари томонидан 1 кун муддатда унинг мутахассислигидан келиб чиқиб, мавжуд бўш (вакант) иш ўринлари таклиф қилинади.
📋 Фуқаронинг мутахассислиги бўлмаганда ёки таклиф этилган иш ўрни маъқул келмаганда, ваучер тақдим этиш масаласи кўриб чиқилади.
✔️ Бунда талабгор ecosys.mehnat.uz тизимида скорингдан ўтказилади ва унинг белгиланган тоифалардан бирига кириши аниқланса, у ваучер олиш ҳуқуқига эга бўлади.
⏳ Талабгор ваучердан 3 ой муддатда фойдаланиши лозим.
📃 Ваучер асосида касб ва хорижий тилларни ўрганиш истагини билдирган талабгор 1 маротаба бепул ўқиш ҳуқуқига эга.