G7 ("Катта еттилик") давлатлари етакчилари АҚШ президенти Дональд Трампнинг Украина можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.
Бу ҳақда сешанба куни "Катта еттилик" саммити раиси, Канада бош вазири Марк Карни эълон қилган баёнотида айтилган.
"Катта еттилик етакчилари президент Трампнинг Украинада адолатли ва мустаҳкам тинчликка эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди”, — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, баёнотда “Катта еттилик” етакчилари Россияга, жумладан, молиявий санкциялар орқали босимни кучайтирмоқчи эканликлари қайд этилган.
Аввалроқ АҚШ эътирозлари туфайли “Катта еттилик” Украина бўйича баёнотга келишмагани хабар қилинганди. Бунинг ўрнига Карни саммит раиси сифатида алоҳида баёнот берди.
G7 ташкилотчилари сайтида томонлар олтита қўшма баёнот бўйича келишиб олгани ва имзолангани қайд этилган. Булар нодир ер металлари, сунъий интеллект, квант ҳисоблаш, ноқонуний миграция, ўрмон ёнғинларига қарши кураш ва трансмиллий репрессиялар ҳақидаги баёнотлардир.