MICHELIN қўлланмасининг Туркиядаги фаолияти 2022 йилда Истанбул 2023 танлови эълон қилиниши билан бошланди. Кейинчалик у Измир ва Муғлани ҳам қамраб олди. 2025 йилда Каппадокиянинг қўшилиши эса Туркиянинг бой ва ранг-баранг гастрономик меросини халқаро миқёсда намойиш этиш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлди. Пери бажалари, қадимий ғор-уйлари ва рамзий иссиқ ҳаво шарлари билан дунёга машҳур Каппадокия 18 та нуфузли ресторани билан MICHELIN қўлланмасидан муносиб ўрин эгаллади.
Янги MICHELIN юлдузига лойиқ деб топилган ресторанлар, маҳаллий маҳсулотлардан самарали фойдаланиш, ошпазларнинг Онадўли ошхонасининг асрлар давомида шаклланган таомларини замонавий нигоҳ билан қайта талқин этиши ҳамда барқарорлик тамойилларига алоҳида эътибор қаратилиши туфайли мазкур ҳудуд қисқа фурсатда Туркиянинг энг эътиборга молик гастрономик йўналишларидан бирига айланди.
Тупроқ, анъана ва ҳунар уйғунлигида шаклланган гастрономия
Каппадокия саргузаштларга бой манзил бўлиши билан бирга, ўзига хос ошхона маданияти билан ажралиб туради. Маҳаллий таомлар асрлар давомида қўлланиб келинаётган таърифлар, анъанавий очиқ оловда пишириш усуллари, минтақанинг вулқон тупроқларида етиштирилган органик маҳсулотлар ҳамда яқин атрофдаги узумзорлардан олинган хушбўй узумлар асосида тайёрланади. Бу борада MICHELIN қўлланмаси танлови ҳудуднинг кучли гастрономик салоҳиятини яққол намоён этмоқда.
Бу эътироф фақат MICHELIN юлдузи ва Green Star билан чекланмайди. Каппадокия, шунингдек, аёллар кооперативлари, оилавий бизнеслар ҳамда кўп асрлик маҳаллий ва ҳашаматли ресторанларни ҳам ўз ичига олади. Уларнинг ҳар бири ҳудуд руҳини акс эттирган ўзига хос ҳикояга эга бўлиб, чинакам эсда қоларли ошхона тажрибаларини тақдим этади.
Каппадокиянинг ошпазлик мероси
Каппадокия нафақат бетакрор манзаралари, балки мазали ва сермаҳсул табиий бойликлари билан ҳам эътиборни тортади. Минтақа ресторанларидаги ҳар бир таомда маҳаллий неъматларнинг мўл-кўллиги ва ранг-баранглиги яққол сезилади. Жумладан, ўрик билан нозик таъм берилган яҳни ҳамда қовоқ уруғи билан безатилиб, уй шароитида тайёрланган эриште (макарон тури) “фермадан дастурхонгача” тамойилига асосланган нафис ошхона лаззатини акс эттиради.
Каппадокиянинг ошхона маданияти турк ва Онадўли анъаналарига чуқур боғланган. Шу сабабли бу ҳудуд ресторанларида анъанавий пишириш усуллари асосида тайёрланадиган таомлар меҳмонларни минтақанинг бой тарихий мероси бўйлаб бетакрор саёҳатга чорлайди. Ана шундай таомлар орасида тести кабоби (сопол идишда пишириладиган кабоб) ўзига хос ноёб таъми билан кўнгиллардан жой олмоқда. Анъанага кўра, у Аванос шаҳрида тайёрланган сопол идишларда пиширилади ва тандир печида соатлаб димланади. Таомни тортиш жараёни эса томошабоп маросимга айланиб, меҳмонлар кўз ўнгида сопол идиш ёрилиб, ичидан иссиққина хушбўй таом тушади.
Бу ерда, шунингдек, туршак ва гўштдан тайёрланадиган кайиси яҳни, қийма, ёнғоқ ва зираворлар билан тўлдирилган беҳи ҳамда сопол идишда оқ ловия ва юмшоқ гўштдан пишириладиган ағпакла каби таъми оғизда қоладиган таомларни татиб кўриш мумкин. Ушбу нафис гастрономик қатор инжир яғламасı (сариёғда пиширилган анжир), қовоқ ширинлиги, долаз (сариёғли ҳалва) ва Дамат паҳлава каби бетакрор ширинликлар билан янада бойитилади.
Ниғде Мависи ва ғорларда етилтирилган Дивле Обрук пишлоғи каби рамзий маҳаллий лаззатлар минтақавий шарбатлар билан мукаммал уйғунлашади. Серҳосил узумзорлар билан ўралган Каппадокия Бўғазкере, Наринже ҳамда ўзига хос таъми билан ажралиб турадиган Эмир каби анатолий узум навлари билан машҳур.