Канада шимолидаги Юкон территориясида отишма содир бўлиб, икки киши ҳалок бўлди, яна бир киши оғир яраланди. Бу ҳақда Юкон полицияси бошлиғи Скотт Шепард маълум қилди, дея хабар беради “Укринформ” 28 октябрь, пайшанба куни.
Жумладан, ўқ жароҳатлари оқибатида олис Фаро шаҳрининг икки фуқароси: 42 ёшли аёл ва 73 ёшли эркак ҳалок бўлди. Яна бир маҳаллий фуқаро оғир жароҳат олди – ҳозир унинг аҳволи барқарор.
Ҳуқуқ-тартибот ходимлари аллақачон ҳужумчини қўлга олишган. Маълум бўлишича, ҳужумчи Юкон пойтахти Уайтхорсдан 300 км шимолда жойлашган Фаро шаҳридаги бир неча уйларда қурол ишлатган.
Отишма маълум бўлгач, полиция маҳаллий мактабни тўсиб, ўқувчилар ва ўқитувчиларга ундан чиқиб кетишни тақиқлаган.
Ҳозир тергов давом этмоқда, полиция ҳужумчининг мақсадини аниқламоқда.