Канададаги Онтарио шаҳрида Фаластин тарафдорлари Исроил ва бошқа давлатларга қурол сотишни тўхтатишни талаб қилиб, митинг ўтказдилар. Намойиш Лондон шаҳрида бўлиб ўтган ҳарбий ва мудофаа конференциясига жавоб сифатида ташкил этилди.
Конференциянинг асосий ҳомийлари орасида General Dynamics, Deltek, Elbit Systems ва Nortack Defense каби Исроилга қурол етказиб берувчи ёки мамлакат ҳудудида фаолият юритувчи компаниялар бор эди.
100 га яқин фаластин тарафдорлари конференция ўтказилаётган бинога йиғилиб, кириш йўлларини тўсиб қўйдилар ва Исроилга ҳамда бошқа давлатларга қурол савдосини тўхтатишни талаб қилдилар.
Намойишчилар шунингдек, Канада ҳукуматининг ҳарбий харажатларни ошириш режаларига қарши чиқдилар.
“Биз Исроилга нисбатан қурол эмбаргоси жорий этилишини талаб қиламиз. Уруш жиноятларидан фойда олаётган бу компаниялар ва ҳукумат амалдорларининг бу йўлда давом этиши мутлақо қабул қилинмас”, — деди намойишчилардан бири ижтимоий тармоқдаги видеомурожаатида.
Бошқа бир иштирокчи эса намойишнинг мақсади “Ғазодаги геноцид билан боғлиқ йирик мудофаа корпорацияларини фош этиш ва қоралаш” эканини таъкидлади.
Ҳодиса бошланишидан сал олдин воқеа жойига 25 тага яқин полиция машинаси етиб келди. Полиция айрим намойишчиларни ерга йиқитди ва моддий зарар етказган деб гумон қилинган бир нафар шахсни ҳибсга олди.