Қўшалоқ бургут номи билан машҳур бўлган 20 долларлик ноёб олтин танга Жанубий Калифорниядаги аукционда 1,44 миллион долларга сотилди.
Associated Press (AP) агентлиги хабар беришича, Stack's Bowers Galleries аукцион уйи экспертларининг фикрича, 1870 йилда Карсон-Сити шаҳрида (Невада штати) зарб қилинган танга асл 3789 нусханинг сақланиб қолган 40-50 нусхасидан биридир.
Бернард Ричардс коллекциясидаги танга харидори аноним қолишни афзал кўрди. Professional Coin Grading Service маълумотларига кўра, ўз туридаги энг яхшиси ҳисобланган танганинг нархи кутилган 2 миллион долларлик чегарадан ошмади.
Нумизматика бўйича мутахассис Жон Кралевичнинг сўзларига кўра, COVID-19 пандемияси даврида коллексия тангаларига қизиқиш сезиларли даражада ошди. Унинг қўшимча қилишича, танга тахминан 30 йиллик ноаниқликдан сўнг "соядан чиқиб кетган" ва коллекторлар орасида шов-шувга сабаб бўлган.
Агентликнинг эслатишича, танга охирги марта 1986 йилда атиги 23 100 долларга сотилган. Унинг қиймати олтин эквивалентидан сезиларли даражада юқори: бир унциядан камроқ олтин бор-йўғи 2600 доллар туради.
Эътибор беринг, 20 долларлик танга "Қўшалоқ бургут" (Double Eagle) деб номланган, чунки чиқарилишидан олдин Қўшма Штатлардаги энг катта олтин пул бирлиги "Бургут" деб номланган 10 долларлик танга эди. 2021 йилнинг июнь ойида Нью-Йоркдаги Sotheby'sда 1933 йилги танга рекорд даражадаги 18,9 миллион долларга сотилди.