Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмий вакили Маргарет Ҳаррис одам метапневмовирусига (hMPV) оид мавжуд маълумотлар билан бўлишди.
Ҳаррис Хитойда қайд этилган респиратор инфекциялар даражаси қиш мавсуми учун одатий диапазонда эканини таъкидлади. Маълум қилинишича, шифохоналарнинг касаллар билан тўлганлик даражаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан паст. Фавқулодда вазият ҳақида бирор-бир эълон ёки жавоб чоралари ҳақида маълумот келиб тушмаган.
ЖССТ метапневмовирус янги вирус эмаслигини таъкидлади. У биринчи марта 2001 йилда аниқланган, қишда ва баҳорда айланиб юрадиган кенг тарқалган вируслар қаторига киради. Одатда, у шамоллашга ўхшаш респиратор аломатларни келтириб чиқаради. Баъзи ҳолларда бу бронхит ёки пневмония каби оғирроқ касалликларга олиб келиши мумкин. Ёш ва кексалар, шунингдек, иммунитети заифлашганлар бунда энг кўп хавф остидаги гуруҳ саналади.