Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги ҳисоботига кўра, ўтган йили дунё бўйича безгакка чалинганлар сони 282 миллион нафарни ташкил этган. Бу – 2023 йилга нисбатан 9 миллион нафар юқори кўрсаткич.
📈 Шунингдек, беморлардан 610 минг нафари ҳаётдан кўз юмган. Эскспертлар ўлим ҳолатлари ундан аввалги йилга қиёслаганда 12 мингта ошганидан жиддий хавотирда.
📍 Асосий эпидемия ўчоқлари Африка қитъасининг 11 мамлакатида қайд этилган. Касалликдан вафот этганларнинг тахминан учдан икки қисми ҳам шу минтақа ҳиссасига тўғри келади.
🩺 Ваҳоланки, замонавий тиббиётда безгакка қарши курашиш воситалари мавжуд. Бу борадаги профилактика, диагностика ва даволаш усуллари самарадорлиги ҳам юқори. Қолаверса, сўнгги йилларда безгакка қарши иккита вакцина яратилди. Эмлаш орқали ҳар йили ўн минглаб болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин.
💵 ЖССТ вакиллари муаммо кўлами ортишини безгакка қарши курашиш учун халқаро миқёсда етарли даражада маблағ ажратилмаётгани билан изоҳламоқда.
‼️ Шундан келиб чиқиб, ташкилот тегишли давлатларни бу борада тезкор чоралар кўриш, хусусан, вакцинация дастурларини фаол қўллашга чақирди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.