Жоржия штати Сайлов комиссияси Илон Маскни президентлик сайловларида сайловчиларга қисман тўлдирилган масофавий овоз бериш аризаларини жўнатишда айблади.
The New Republic хабарига кўра, 2024 йилда Илон Мaск ва бир нечта тадбиркорлар ёрдамида ташкил этилган America PAC номли сиёсий ҳаракат қўмитаси АҚШнинг амалдаги президенти Доналд Трампнинг сайлов кампаниясини қўллаб-қувватлаш мақсадида сайлов жараёнларига таъсир ўтказганликда айбланмоқда.
Комиссиянинг бир нечта туманлардаги сайловчилардан олган шикоятлари ортидан 2024 йил октябр ойида текширув бошланган. Шикоятчилар America PAC'дан почта орқали қисман тўлдирилган масофавий овоз бериш аризаларини олганини билдиришган.
Штат қонунчилигига мувофиқ, бундай аризаларни фақат яқин қариндошлардан бошқа ҳеч ким юбора олмайди. Натижада, 2026 йил 18 феврал куни, сайлов комиссияси аъзолари America PAC'га расмий огоҳлантириш бериш бўйича овоз беришди.
Маълум қилинишича, 2024 йилги президентлик сайловларида Жоржия “ҳал қилувчи” еттита штатдан бири ҳисобланиб, у ердаги овоз натижалари алоҳида аҳамиятга эга бўлган.