Жиззах вилоятида “Ўзенергоинспекция” Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган назорат тадбири ўтказилди.
Бу ҳақда “Ўзенергоинспекция” матбуот хизмати хабар берди.
Ўтказилган назорат тадбирида Зарбдор туманида жойлашган “Р.Г.М.” МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида электр ҳисоблагич кўрсатгичларини камайтириш мақсадида уланиш схемасига ташқи таъсир кўрсатилиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланди.
Маълумотларга кўра, ушбу қоидабузарлик натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра электр таъминоти корхонасига 8 млрд 677 млн сўмлик зарар етказган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.