Халқаро Жиноий суд Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берди.
Халқаро жиноий суд Нетаняҳу ва Галант 2023 йил 8 октабрдан 2024 йил майигача Ғазо секторида содир этилган "ҳарбий жиноятларга алоқадор бўлиши мумкин", деб ҳисоблайди.
ХЖС баёнотида Исроил Ғазо секторида уруш усули сифатида очлик, тинч аҳолини ўлдириш, қувғин ва бошқа ғайриинсоний жиноий ҳаракатларни амалга оширгани қайд этилган. Шу билан бирга, Нетаняҳу ва Галлантни Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами, жумладан, сув, дори-дармон ва ёқилғи етказиб беришни чеклаб қўйганликда гумон қилиш учун жиддий сабаблар борлиги алоҳида таъкидланган.
ХЖС, шунингдек, ҲАМАС гуруҳининг ҳарбий қаноти етакчиси, Муҳаммад Ад-Дейф номи билан танилган Муҳаммад Диаб Иброҳим ал-Масрийни ҳибсга олишга ордер берилганини эълон қилди. ЦАХАЛ 2024 йил август ойида Ғазо секторининг Хон Юнис ҳудудидаги зарба натижасида Дейф ҳалок бўлганини эълон қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Халқаро Жиноий суд прокурори Карим Хон Нетаняҳу, Галант ва ҲАМАСнинг уч етакчисини Ғазога гуманитар ёрдам етказилишига тўсқинлик қилганликлари учун ҳибсга олиш учун ордер беришни ҳамда 2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумига нисбатан "кескин жавоб" беришни сўраган эди.