Агар "Ўзбекистон почтаси" камера ва радарлар орқали аниқланган жаримага доир хабарномани етказиш хизматини тўхтатса бундан оддий ҳайдовчи халқи яна жабр кўриши мумкин. Чунки жаримани ўн беш кун ичмда 50 фоиз, ўттиз кун ичида 70 фоиз тўлаш имконият бор. Агар бу муддат қонуний ўтиб кетса имтиёз қўлланилмайди.
Бу ҳолатда нима қилиш керак?
Демак, эътибор берамиз: қонунчиликка кўра, "ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисида қарор топширилган кундан бошлаб ўн беш кун ичида жарима миқдорининг эллик фоизини ёки ўттиз кун ичида жарима миқдорининг етмиш фоизини ихтиёрий тўлса, жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод" этилади.
Бу ерда "унга жарима солиш тўғрисида қарор топширилган кундан бошлаб" дейилмоқда, қарор чиқарилган кундан эмас.
Демак, ҳуқуқбузар почта орқалими ёки куръер орқалими (қарор чиқарилгандан сўнг бир ойми, икки ойми фарқи йўқ) қарор унинг қўлига топширилганидан бошлаб, муддатни ҳисоблаш бошланади ва имтиёзлар ўша муддат ичида амал қилади.
Айни вақтда жаримани мобил ва бошқа қурилмалар орқали онлайн тўлаш имконияти яратилган дастурларда ҳам жаримани ҳисоблаш тартибини ушбу талабга мосланиши керак.
Масъуллар айниқса, жарима қўллашга ваколатли шахслар амалиётда буни эътиборга олишлари шарт!