Сеул марказий округ суди Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёлнинг ҳибсга олинишини қонуний деб топди. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар берди.
16 январь куни маҳаллий вақт билан соат 17:00 да суд Юн Сок Ёлнинг ҳимоячилари мурожаатини кўриб чиқишни бошлади.
Аввалроқ президент адвокатлари юқори мансабдор шахсларга нисбатан коррупцияга қарши тергов бошқармаси қамоққа олиш ордерини Сеулнинг Ғарбий округ судидан эмас, балки Марказий округ судидан олиши кераклигини таъкидлаган эди. Уларнинг фикрича, қамоққа олиш учун ордер олган бошқарма исёнга оид шубҳаларни текшириш ваколатига эга эмас. Бошқарманинг ўзи исён жинояти ваколатларни суиистеъмол қилиш билан боғлиқлигини таъкидлаган.
Суд ҳимоячиларнинг барча далилларини рад этди. Шунингдек, судьялар “парламентга оз сонли ҳарбийларнинг кириши конституциявий тузумни бузиш ҳисобланмайди” деган баёнотни асоссиз деб топди.