Бугун 27 апрель, 2026 йил, душанба

O'ZB

Жаннатда нималар бор?

A A A
Жаннатда нималар бор?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Аллоҳ азза ва жалла: "Солиҳ бандаларим учун уларга берган нарсаларимдан ташқари заҳира қилиб, кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва бирорта инсоннинг хаёлига ҳам келмаган нарсаларни тайёрлаб қўйганман", деяпти”. Сўнг ушбу оятни ўқидилар:  "Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот бўлсин, деб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини бирор жон билмас" (Сажда, 17) (Имом Муслим).

Усома ибн Зайд розийаллоҳу анҳумо айтадилар: "Пайғамбаримиз бир куни асҳобларига: "Жаннатга кириш учун енг шимарувчилар борми? Чунки у таърифга ожиз. Каъбанинг Раббига қасамки, жаннат чарақлаган нур, тебраниб турган райҳонлар, тикланган қасрлар, тўлиб оқувчи анҳорлар, пишиб етилган турли хил мевалар, гўзал ва чиройли жуфтлар, софлиги ва тиниқлиги абадий бўлган кўпдан-кўп зеб-зийнатлар диёридир. У олий, ажойиб, тинч ва осойиштадир", дедилар. Асҳоб: "Биз жаннат учун енг шимарувчилармиз, эй Аллоҳнинг Расули!" дейишди. Ул зот: "Иншааллоҳ, денглар", дедилар..." (Ибн Можа ривояти).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳдан: "Махлуқлар нимадан яратилган?" деб сўрадим. "Сувдан", дедилар. Сўнг: "Жаннат нимадан бино бўлган?" дедим.  "Кумуш ва олтин ғиштлардан. Унинг пойдевори мушк, тошлари дур ва ёқут, тупроғи заъфарон.  Ким унга кирса, неъматланади, умидсиз бўлмайди, абадий туради, ўлмайди, кийимлари эскирмайди, ёшлиги ҳам кетмайди (қаримайди)", дедилар" (Термизий ривояти).

Иброҳим ибн Муовия Саид Тоийдан ривоят қилади: "Менга уммул мўмининнинг озод этган қули Абул Мудалла Абу Ҳурайранинг ушбу ҳадисини айтди: "Эй Расулуллоҳ, сизнинг ҳузурингизда бўлганимизда қалбларимиз юмшаб, охиратни ўйлаб қоламиз. Қачон сизнинг олдингиздан кетиб, бола-чақамиз олдига борсак, дунёга машғул бўлиб кетамиз",  дедик". Шунда Расулуллоҳ: "Агар сизлар мени тарк қилган чоғингизда ҳам ҳузуримда бўлганингиз каби ҳолатда турганингизда, фаришталар сизлар билан, албатта, қўл бериб сўрашар, сизларни зиёрат қилиш учун уйларингазга келишар эди.  Агар сизлар ҳеч гуноҳ қилмаганингизда, Аллоҳ таоло гуноҳ қиладиган қавмни келтирган бўлур эди, сўнг у қавм истиғфор айтиб, гуноҳларини кечиришини сўрар ва Аллоҳ уларни кечирар эди", дедилар. Биз: "Эй Аллоҳнинг Расули, жаннат ҳақида хабар беринг, у нимадан бино бўлган", дедик. "Олтин ва кумуш ғиштдан. Унинг лойи хушбўй мушк, майда тошлари дур ва ёқут, тупроғи заъфарондир. Унга ким кирса, боқийдир, умидсиз бўлмайди, абадийдир,  ўлмайди, кийими ҳам эскирмайди, ёшлиги ҳам кетмайди", дедилар".

Абу Саид Худрийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ Ибн Сайёдга: "Жаннатнинг тупроғи нимадан?" деб савол қилдилар. У: "Оппоқ мушкдан бўлган тупроқ, эй Абул Қосим!" деди. Жаноб Расулуллоҳ: "Тўғри айтдинг", дедилар (Имом Муслим).

Имом Муслимнинг яна бир ривоятида келишича, Ибн Сайёд Пайғамбаримиздан жаннатнинг тупроғи ҳақида сўраган. У зот: "Соф мушкдан бўлган оппоқ тупроқ",  деб жавоб берганлар (Имом Қуртубий. Жаннат васфи китобидан).

 

Қудратуллоҳ Аҳмад

Киритилди: 20:40 28.10.2019. Ўқилди: 11632 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!