Бугун 21 май, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Жамғарма, инвестиция ва даромадлилик: уй-жойга инвестиция ёки депозитлар?

Жамғарма, инвестиция ва даромадлилик: уй-жойга инвестиция ёки депозитлар?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан Тошкент шаҳрида кўп қаватли уй-жойларга инвестицияларнинг даромадлилиги таҳлил қилинди.

Ер ресурсларининг чекланганлиги ва аҳоли сонининг ошиб бориши шароитида кўчмас мулкrа инвестиция киритиш мулкка эгалик қилиш билан бирга, барқарор даромад олиш имконини беради. Бунда кўчмас мулкни ижарага бериш ҳамда мулк қийматининг маълум вақтдан кейин ошиши (капитал ўсиш) ҳисобига даромад олиш мумкин.

2025-йил апрель ойида Тошкент шаҳрида уй-жойга инвестицияларнинг даромадлилиги 6,2%гача тушди (2024-йилнинг апрелида 27,8%). Бунда, мазкур даврда ижарадан келадиган ўртача даромад 10,9%дан 8,5%гача камайган бўлса, уй-жойларнинг ўртача нархи 2,4% арзонлашди.
Лекин, уй-жойга инвестициялар даромадлилиги кўчмас мулкнинг жойлашган ҳудуди ва хоналар сонига қараб бир-биридан сезиларли фарқланади:
1 хонали: Шайхонтоҳур – 25,1% (2024-йил апрель – 41,4 %), Миробод – 0,4 % (24,7 %);
2 хонали: Яккасарой – 16,2% (12,1%), Учтепа – -2,0% (27,1%);
3 хонали: Яккасарой – 16,8% (27,0%), Учтепа – 1,6% (23,6%);
4 хонали: Яккасарой – 15,6% (25,2%), Олмазор – -2,5 % (21,3%).

Уй-жойлар нархи ўзгаришидан олинадиган даромад.
2024-йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида уй-жой харид қилиб, жорий йил апрель ойида ушбу уйни сотишига тўғри келган инвесторлар бир йил ичида уй-жойлар бозор қийматининг пасайиши сабабли уйни харид нархидан ўртача 2,4% камига реализация қилишга мажбур бўлди. Хусусан, ушбу кўрсаткич Учтепа туманида 7,4%ни, Юнусобод туманида 4,4%ни, Олмазор туманида 4,2%ни ташкил қилди. Лекин Тошкент шаҳрида нисбатан қиммат уй-жойлар жойлашган туманлардан Шайхонтоҳур ва Яккасаройда уй-жой нархи ўзгаришидан кўрилган фойда ўртача 6% ни ташкил этди.

Уй-жойларни ижарага беришдан олинадиган даромад. Жорий йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида уй-жойлар ижарасидан олинадиган ўртача даромад пасайишда давом этди. 2024-йилнинг апрель ойида ўртача даромадлилик 10,9%ни ташкил этган бўлса, 2025-йилнинг апрель ойига келиб ушбу кўрсаткич 8,1%гача пасайди. Мазкур даврда, ушбу кўрсаткич бўйича энг юқори ўртача даромадлилик Мирободда 9,2% (2024-йил апрель ойида – 11,2%) ва Шайхонтоҳурда 8,9% (12,6 %) қайд этилди.

Даромадлилик даражаси бўйича инвестицион жозибадорлиги юқорироқ бўлган 1 ва 2 хонали хонадонлар учун даромадлилик даражаси мос равишда 8,5% ва 6,3%гача тушди. Жорий йил январь ойида ушбу кўрсаткичлар 14,3% ва 7,5%ни ташкил этиб, 2024-йилнинг апрель ойидагига (мос равишда 30,2% ва 25,5%) нисбатан сезиларли даражада камайган эди. Шунингдек, жорий йил апрель ойида 3 ва 4 хонали хонадонлар учун даромадлилик кўрсаткичи 6,7% ва 3,3%гача камайди (2024-йил апрель ойида 24,9% ва 30,6%).

Банк депозитлари даромадлилик даражаси.
2024-йилнинг апрелидан 2025-йилнинг апрель ойигача бўлган даврда жисмоний шахсларнинг чет эл валютасидаги муддатли депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 5,1% атрофида тебраниб турган бўлса, миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича ўртача ставка 22% ни ташкил этган. Ушбу рақамлар бир томондан, уй-жойнинг инвестициявий даромадлилиги жисмоний шахсларнинг чет эл валютасидаги муддатли депозитларидан олинадиган ўртача даромадлиликка яқинлашаётганидан далолат берса, бошқа томондан, миллий валютадаги депозитлар бўйича фоиз ставкалари жозибадорлиги ошиб бораётганини кўрсатади.

Киритилди: 10:05 20.05.2025. Ўқилди: 474 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!