Жаҳон банки директорлар кенгаши Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича янги жамғарма ташкил этилишини маъқуллади. Бу ҳақда манбаларга таяниб Reuters хабар берди.
Жамғармага АҚШ, Канада ва Япония ҳисса қўшиши кутилмоқда.
10 октябрь куни банк тегишли қарорни қабул қилган. Бунга қарши чиққан ягона давлат Россия бўлган. Янги жамғарма G7 Украинага йил охиригача 50 миллиард долларгача маблағ ажратиш ваъдасини бажаришга ёрдам бериши кутилмоқда. Давлатлар жамғармага қанча маблағ қўшиши ҳозирча номаълум.
9 октябрь куни Европа иттифоқи давлатлари элчилари Украинага Россиянинг музлатилган активларидан тушган маблағлар эвазига 35 миллиард евро миқдорида кредит ажратиш механизмини келишиб олган эди.
Бу миқдор G7 мамлакатлари кредит линиясининг бир қисми бўлади, ҳозирда кредит Европа парламенти томонидан тасдиқланиши керак.