Бугун 17 август, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Июль ойида 26 мингдан ортиқ уй-жой олди-сотди бўлган

Июль ойида 26 мингдан ортиқ уй-жой олди-сотди бўлган

Жорий йилнинг июль ойида, уй-жой олди-сотди шартномалари сони 26 мингтадан ошиб, июнь ойига нисбатан 25 фоизга кўпдир. Бу сўнгги даврларда кузатилган энг йирик ойлик ўсиш кўрсаткичларидан бири ҳисобланади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) фаолликнинг энг сезиларли ўсишини Сурхондарё (41 фоиз), Сирдарё (35,3 фоиз) ва Қашқадарё (33,7 фоиз) вилоятларида қайд этди.

Тошкент шаҳрида уй-жой бозори фаоллиги 24,6 фоизга ўсди.

Ҳисобот даврида Ўзбекистонда иккиламчи бозорда уй-жойларнинг ўртача бозор қиймати ўсиш суръати тезлашди. Июнь ойида ўртача 0,3 фоиз ўсишдан сўнг, июль ойида ўсиш 1,7 фоизни ташкил этди. Йиллик ҳисобда эса нархлар 3,3 фоизга ошди.

Ҳудудлар кесимида ўтган йилнинг июль ойидан буён уй-жой нархларида сезиларли ўсиши Жиззах (15,2 фоиз), Сурхондарё (14,1 фоиз) ва Хоразм (9,6 фоиз) вилоятларида кузатилди.

Ҳисобот даврида Тошкент шаҳри кўчмас мулк бозорида йиллик пасайиш тенденцияси сақланган ҳолда, нархларда ўртача ўсиш қайд этилди.

Ой давомида иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи 0,8 фоизга ошди. Йиллик ҳисобда ўтган йилнинг июль ойига нисбатан иккиламчи уй-жой нархлари 3,2 фоизга, бирламчи уй-жойлар нархи эса 0,9 фоизга пасайган.

Иккиламчи уй-жойларнинг энг катта пасайиши Мирзо Улуғбек (-8,2 фоиз), Яшнобод (-4,5 фоиз) ва Юнусобод (-4,2 фоиз) туманларида кузатилди.

Бирламчи уй-жой нархларида энг сезиларли пасайиши Учтепа (-8,8 фоиз), Юнусобод (-6,7 фоиз) ва Шайхонтоҳур (-4,7 фоиз) туманларида қайд этилди.

Июль ойида Тошкент шаҳрида ижара нархларида барқарорлик кузатилди. Ижара нархи барқарор сақланиб, бир квадрат метр учун 8 долларни ташкил этди.

Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи нисбатан юқорилигича қолмоқда. Ушбу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10,3 доллар.

Йиллик ҳисобда Тошкент шаҳрида ўртача ижара нархи 2,8 фоизга пасайди. Энг сезиларли пасайиш Учтепа, Яшнобод ва Мирзо-Улуғбек туманларида қайд этилди.

Киритилди: 16:05 14.08.2025. Ўқилди: 414 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!