Бугун 25 ноябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Истироҳат боғида дам оламизми ёки асабийлашамиз?

A A A
Истироҳат боғида дам оламизми ёки асабийлашамиз?

Мамлакатимизда юртбошимиз ташаббуси ва ғояси билан бир-бирини такрорламайдиган истироҳат боғлари, дам олиш гўшалари ташкил этилмоқдаки бунинг натижаси ўлароқ Ўзбекистоннинг шаҳар-қишлоқлари таниб бўлмас даражада ўзгариб бормоқда. Пойтахтимиздаги кўзни қувнатадиган, чиройли гуллари, экзотик ва соя салқин дарахтлари билан киши дилини яйратадиган боғлар, хиёбонлар шулар жумласидандир.

Ёз мавсуми бошланиши билан дам олиш гўшалари одамларга хизмат қилиш учун ишга тушади. Жумладан, пойтахтимизнинг барча истироҳат боғларида, аҳолининг маданий ҳордиқ чиқаришига мўлжалланган гўшаларда шарт-шароитлар тайёр ҳолга келтирилади.

Аммо бугун биз аҳоли истироҳат боғлари ва хиёбонларга оила аъзоларимиз билан дам олиш учун йўл олишга бироз иккиланиб қолдик. Нега дейсизми? Чунки энг катта хатар бу барча дам олиш жойларидаги йўлакларда велосипед учаётган йигит-қизларимизнинг атрофдагиларни ҳисобга олмай қилаётган қалтис ҳаракатларидадир. Баъзан велосипедчиларнинг боғ ичида ўриндиқда ўтириб ёки пиёда сайр этаётган, сокин суҳбатлашаётган одамлар олдидан баланд овоздаги шовқини билан ўтиши, тезик қоидаларини унутиши аҳоли дам олишига ҳалақит қилмоқда. Шунингдек, велосипедчилар бу билан чекланмай, ҳаттоки ёш болалар юриб кетаётган йўлкаларда ҳам эътиборсизларча ҳаракатланиши киши дилини ғаш қилади.

Рўзғор ташвишлари, иш муаммоларини унутиб, оиласи билан истироҳат боғига ташриф буюрган ота-она ёки бобо-буви дам олиш ўрнига, фарзанди ва набираларининг велосипед туртиб юбормаслигидан ҳадиксирашмоқда-ки буни дам олишга йўйиш катта хатодир. Аниқроқ айтадиган бўлсак, дилбандларини майиб қилиб қўймаслиги учун чўчиб, дам олишни ҳам унутиб уларнинг ортидан соядек эргашиб юришибди. Ачинарлиси, биз аввалгидек истироҳат боғларида хотиржам дам олмасдан, доим сергак бўлишга, баъзи ҳолатларда эса асабийлашиб, ўйнаб-кулиб юрган болаларимизнинг дилини оғритиб, хафа қилишга мажбур бўлмоқдамиз.

Тўғри велосипедда учиш ҳар бир иснон соғлиги учун фойдали. Аммо масаланинг биз келтириб ўтган оғриқли оқибатлари одамларни боғларга боришга чорлаш ўрнига, аксинча, инсонлар қалбида задалик ва тушкунлик кайфиятини шакллантирмоқда.

Бир қараганда велосипед учаётганларнинг завқидан хурсанд бўласиз. Аммо велосипед учувчилари орасидаги беъмани ҳаракатлар нафақат ёшларимиз, балки ёши катталар томонидан ҳам амалга оширалаётгани, киши дилини хира қилади. Биз катталар ёшларга ҳар қандай жиҳатдан маънавий ўрнак бўлиб, одамлар гавжум бўлган ҳудудларда велосипед учишнинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидаси, маданияти борлигини амалда исботлаб беришимиз керак эмасмикин?

Тан олишимиз керак, велосипедда учаётганлар ҳам бошқалар каби истороҳат боғи ёки хиёбонларга маданий ҳордиқ чиқариш учун келишган. Лекин ҳар қандай ўйин-кулгунинг ҳам чегараси ва меъёри бўлиши лозим эмасми?! Энг асосийси, сизу биз амалга ошираётган хатти-ҳаракатлар атрофимиздаги инсонларга фойда келтирсин, зиён ва зарар эмас.

Балки, мутасадди ташкилотлар томонидан истироҳат боғлари ва хиёбонларда велосипед учувчи кишилар учун махсус йўлаклар ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлармиди. Шунда сих ҳам кабаб ҳам куймасмиди?! Хоҳловчилар велосипед учсин, ўзига ажратилган йўлакларда, маданий ҳордиқ чиқарувчилар эса фарзандларининг шодон кулгиси ила дунё ташвишларини бир муддат унутишсин.

Шаҳноза ТОЖИДДИНОВА, Республика vаънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси

Киритилди: 16:45 28.06.2018. Ўқилди: 2109 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар