Гуноҳларингиз устидан мулоҳаза юритиб, бениҳоя уялиш ва тавозе билан кунига юз маротаба истиғфор айтинг:
أَسْتَغْفِرُ اللهَ رَبِّى مِنْ كُلِّ ذَنْبِ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ
Астағфируллаҳа роббии мин кулли занби ва атуубу илайҳи.
(Маъноси: Роббимдан барча гуноҳларим учун кечирим сўрайман ва Унга тавба қиламан).
Агар уят ва афсусдан кўзингиз ёшланмаса, ҳеч бўлмаганда бу ҳолатлар юзингизда ўз ифодасини кўрсатсин. Кўз ёшингиз шунчалик ҳақиқий бўлсинки, уларнинг тўкилиши қабул бўлсин. Гуноҳларини кечирилишини сўраб дангасалик ва эътиборсизлик билан айтилган истиғфор ноўриндир ва бунинг ўзи яна истиғфор айтиш учун етарлидир. Инсон гуноҳлари учун фақатгина кечирим сўрабгина қолмай, ўзида шаклланган ёмон одатларни бартараф этишга уринмоғи лозим.
Роббимизга йиғлаб илтижо қилиш учун, субҳдан олдинги таҳажжуд намозини ўқишга уйғона олишимизнинг ўзи ҳам бир бахтдир.
У хоҳ Аттор бўлсин, хоҳ Румий, ё Ғаззолий,
Субҳга яқин тўкмасдан кўз ёш, ҳеч нарсага эришмас.
Бугунги кунда кўпчилик анвойи меваларнинг таъмларидан роҳатланишади-ю, аммо субҳ вақтидан олдинги таҳажжуд намозини ўқувчи инсон ҳис этадиган завқу-шавқ таъмидан йироқдадирлар. Таҳажжуд намозини кечалари туриб кучли истак билан, ғам-андуҳ билан илтижо учун адо этадиган инсонлар қаерда қолди?
Сизнинг йиғинларингиз тугади, сиз излаётганлар ўтди-кетди.
Энди йўқдир саҳардаги нолалар-у кўз ёшлар.
Баъзи аёллар кун давомида уйларини тозалаб завқланишади. Қанийди улар ўша кунлари давомида озгина вақтларини истиғфор ва зикр айтиб қалбларини ҳам тозалашга сарф этишса
Менинг муҳтарама синглим! Солиҳликнинг нурлари қанчалик сўниб бораётгани сайин, дунёни зулмат шунчалик тез тўлдирмоқда ва ҳар бир ўтган кун сайин бу дунё ҳалокатга яқинлашмоқда.
Иймони Уҳуд тоғидек бўлган иймон эгалари, ўз иймонини ҳар онда йўқотишдан қўрқиб яшашган эди. Биз эса, арзимас иймонимиз билан иймонли ҳолда ўлишимизга қатъий ишончдамиз.
Бу ҳадя қимматбаҳо ҳазина сари элтадиган йўлдир. Биз иймонимиз мустаҳкамлигига қанчалик эътибор берамиз?! Шунинг учун ҳам ҳар кун тавба қилишимиз зарур. У бизнинг бурчимиз ва ҳузур ҳаловатимиздир. Аллоҳ таоло икки томчини шаҳиднинг танасидан тўкилган қон томчисини ҳамда уят ва пушаймонликдан тўкилган кўз ёшини яхши кўради.
Роббим олмос каби қабул қилди,
Уятдан тўкилган икки томчи кўз ёшим.
Онада ўз боласига нисбатан жуда кучли муҳаббат бўлади ва у боласини ҳар қандай вазиятда ўз паноҳига олади. Онанинг муҳаббати чиқиб бўлмайдиган юксак тоғдир, тубига етиб бўлмайдиган уммондир. Агар қайсар ўғил онанинг пойига тиз чўкиб пушаймонлик ва уялиш билан кечирим сўраса, онаси унга меҳр кўрсатиб, жаҳли чиққанлигига қарамасдан кечиради.
Бу ривоятнинг маъносига эътибор беринг: Агар етмиш онанинг меҳрини бирлаштирилса ҳам, Аллоҳ таолонинг ўз бандаларига нисбатан меҳрига етолмас. Агар кўзингиздан тавба кўз ёшлари оқса, сизга Аллоҳнинг марҳамати тўкилади. Бу, Аллоҳ таолонинг марҳамати ҳар нарсадан устун эканлиги сабабидандир.
Агар кимдир минг йиллар давомида гуноҳ иш қилган бўлса, у Аллоҳнинг чексиз марҳамати олдида оздир. Агар у чин қалбдан гуноҳларига тавба қилиб надомат чекса, унинг гуноҳлари кечирилади ва тавбаси қабул қилинади. Хабарларда айтилишича, Аллоҳ таоло қуйидагиларни эълон қилгандир:
Агар сизнинг гуноҳларингиз дунёдаги жамики дарахтлардаги барглардан-да кўп бўлса, осмонлардаги жамики юлдузлардан-да зиёдроқ бўлса, уммон кўпикларидан кўпроқ бўлса ҳам, ва ҳатто чўлдаги қум зарраларидан кўп бўлганида ҳам, улар Унинг марҳамати олдида оздир .
Бундан ташқари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси Қудсийда, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
Агар сизлардан бирортангиз тавба қилсангиз-у яна гуноҳга қайтсангиз, яна тавба қилиб яна қайтсангиз, билингки сизлар юз маротаба тавба қилиб қайтган тақдирингизда ҳам, Менинг (раҳмат) эшикларим доимо очиқдир, келсангиз тавбангизни қабул қилавераман .
QAMAR саҳифасидан