2027 йилги Turkish Airlines Испания Суперкубоги (Supercopa de España) учун саноқли кунлар қолди. Испаниянинг етакчи клублари - “Реал Сосьедад”, “Реал Мадрид”, “Барселона” ва “Атлетико Мадрид” 2-6 февраль кунлари Истанбулда ўзаро куч синашади.
Formula 1® Туркия Гран-приси ва Европа ўйинлари қаторида ушбу нуфузли турнир ҳам Истанбулнинг 2027 йилги спорт тақвимидан жой олади. Мусобақа бутун дунёдаги футбол мухлисларига юқори савиядаги футболга бой, унутилмас онларни тақдим этади. 2027 йилнинг дастлабки йирик футбол тадбирига чипта харид қилмоқчи бўлган мухлислар www.supercopa2027.com сайтига мурожаат қилишлари мумкин. Чипталар аллақачон сотувда.
Мусобақада Ла Лигани дастлабки икки ўринда якунлаган жамоалар ҳамда Испания Кубоги (Copa del Rey) финалчилари иштирок этади. Ярим финал баҳсларида амалдаги чемпион “Барселона” “Атлетико Мадрид”га қарши, “Реал Сосьедад” эса “Реал Мадрид”га қарши майдонга тушади.
Туркия 2027 йилги турнирга илк бор мезбонлик қилади. Ҳаяжонга бой беш кун давомида мухлислар Истанбулдаги учта етакчи стадионда ўтказиладиган учта муҳим учрашув - икки ярим финал ва катта финал баҳсига гувоҳ бўладилар.
Испан футболининг энг йирик жамоалари Истанбулда учрашади
Тўрт жамоа иштирокида нокаут тизимида ҳар йили ўтказиладиган Turkish Airlines Испания Суперкубоги доирасида Ла Лигани дастлабки икки ўринда якунлаган жамоалар Испания Кубоги финалчилари билан куч синашади. Ушбу форматга кўра, 2 февраль куни Шукру Сарачўғли спорт мажмуасида “Барселона” ва “Атлетико Мадрид” ўртасидаги илк ярим финал баҳси бўлиб ўтади. 3 февраль куни эса Бешиктош стадионида “Реал Сосьедад” ва “Реал Мадрид” иккинчи ярим финал учрашувида майдонга тушади.
Ярим финал ғолиблари 2027 йил 6-февраль куни Али Сами Ен спорт мажмуасида бўлиб ўтадиган катта финалда куч синашадилар. Ушбу учта машҳур стадионда ўтказиладиган турнирга жами 150 000 дан ортиқ томошабин ташриф буюриши кутилмоқда.
Истанбул: футбол ва боқий жозиба уйғунлашган шаҳар
Истанбул йирик халқаро футбол мусобақаларига мезбонлик қилиш борасида катта тажрибага эга. Шаҳар 2005 ва 2023 йилларда UEFA Чемпионлар лигаси финалларини, шунингдек, 2026 йилда UEFA Европа лигаси финалини муваффақиятли ўтказган. 2027 йилги Turkish Airlines Испания Суперкубоги доирасида Испаниянинг тўрт нуфузли футбол клубини қабул қилиши эса ушбу тарихдаги яна бир муҳим воқеа бўлади. Бу, айни пайтда, Истанбулнинг жаҳон миқёсидаги йирик спорт маркази сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.
Turkish Airlines Испания Суперкубогини томоша қилиш учун Истанбулга келадиган футбол мухлислари беш кунлик ташрифини унутилмас шаҳар саёҳатига айлантиришлари мумкин. Зеро, тарих нафаси уфуриб турадиган, гастрономик лаззатлар ва кўнгилочар тадбирларга бой бу шаҳарнинг ҳар бир гўшасида ўзига хос мўжиза яширинган. Меҳмонлар майдондаги ҳаяжондан ташқари, Истанбулнинг машҳур тарихий обидаларини томоша қилишлари, Босфор бўйлаб саёҳатга чиқишлари, харид қилиш завқидан баҳраманд бўлишлари ҳамда шаҳарнинг Европа ва Осиё қисмларидаги ўзига хос муҳитни ҳис этишлари мумкин.
Истанбул ҳар қандай дидга мос таомларга бойлиги ва жаҳон гастрономия пойтахтларидан бири эканини яна бир бор намоён қилади. Шаҳардаги ўнлаб ресторанлар MICHELIN Guide рўйхатидан жой олган.
Истанбулдаги Turkish Airlines Испания Суперкубоги Туркиянинг Маданият ва туризм ҳамда Ёшлар ва спорт вазирликлари, Саудия Арабистони Қироллигининг Кўнгилочар тадбирлар бош бошқармаси, Испания Қироллик футбол федерацияси (RFEF), Туркия футбол федерацияси (TFF), Sela Events ва Hezarfen Ajans ҳамкорлигида ташкил этилади.