Украина ва Қўшма Штатлар Истанбулдаги музокаралар арафасида ва Россия томонидан тинчлик жараёни бузилган тақдирда кейинги ҳаракатлар тўғрисида келишиб олди. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига маълум қилди.
14 май куни Туркиянинг Анталия шаҳрида Сибига АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва сенатор Линдси Грем билан учрашув ўтказди. Мулоқотдан мақсад "президент Владимир Зеленский билан кейинги тинчлик саъй-ҳаракатлари бўйича қарашларни баҳам кўриш ва ушбу муҳим ҳафта давомида позицияларни мувофиқлаштириш" эди.
"Биз кейинги қадамларнинг мантиғини батафсил муҳокама қилдик ва ёндашувларимиз билан ўртоқлашдик," - деди Сибига. У Украинанинг АҚШ президенти Доналд Трампнинг тинчлик ташаббусларига қатъий содиқлигини тасдиқлади ва Қўшма Штатларга уларнинг иштироки учун миннатдорчилик билдирди.
"Биз ҳамкорлигимизни конструктив ва ўзаро манфаатли тарзда ривожлантиришга тайёрмиз. Россиянинг Украинанинг конструктив қадамларига жавоб қайтариши жуда муҳим. Ҳозирча у бундай қилмади. Москва тинчликдан воз кечишнинг ўз баҳоси борлигини тушуниши керак," - дея таъкидлади ТИВ раҳбари.