Исроил 8 апрел куни Ливан пойтахти Байрут марказидаги аҳоли зич яшайдиган савдо ва турар жой ҳудудларига огоҳлантиришсиз зарбалар берди. Авиаҳужумлар АҚШ ва Эрон ўт очишни тўхтатишга келишганидан бир неча соат ўтиб амалга оширилди. Ливан соғлиқни сақлаш вазири Ракан Насириддин мамлакат бўйлаб “100 дан ортиқ ҳаво ҳужумлари” уюштирилганини айтди.
Авиаҳужумлар Байрут, Бекаa водийси ва Ливан жанубидаги ҳудудларга қаратилган. Исроил мудофаа вазири Исроил Кац ҳужумларда “Ҳизбуллоҳ” инфратузилмаси нишонга олинганини даъво қилди.
“Ҳизбуллоҳ” ҳужумларни қоралаб, тинч аҳоли пунктлари нишонга олинганини маълум қилди. Ливан парламенти спикери Набиҳ Берри буни “тўлиқ ҳарбий жиноят” деб атади. БМТнинг Ливан бўйича махсус координатори Жанин Ҳеннис ҳам Исроил ҳужумлари “давом этиши мумкинмаслигини” айтди.