Бош вазир Бенямин Нетаняхунинг яқин иттифоқчиси шу ҳафта Доналд Трамп билан Ливанда ўт очишни тўхтатиш режасини муҳокама қилди. Мақсад сайланган президентнинг ташқи сиёсатда эрта ғалаба қозонишини таъминлаш. Бу ҳақда The Washington Post нашрига Исроилнинг учта расмийси маълум қилди.
Исроилнинг стратегик ишлар вазири Рон Дермер Ливан бўйича музокараларнинг бориши ҳақида Байден маъмуриятига маълумот бериш учун Оқ уйга борди.
«Исроил Трампга совға қилади деган тушунча бор... Ливан бўйича келишувга январь ойида эришилади», деди исмини ошкор қилишни истамаган исроиллик расмий.
Таклифга кўра, Ҳизбуллоҳ жангчилари 2006 йилги можародан кейин ташкил этилган БМТ буфер зонасининг шимолий чегараси бўлган Литани дарёсидан нарига чекиниши керак эди.
Нашрга «Ҳизбуллоҳ»га яқин манбанинг айтишича, гуруҳ вақтинчалик сулҳ доирасида ўз кучларини Литани ортидан олиб чиқишга тайёр. Исроил расмийсига кўра, Ливан армияси АҚШ ва Буюк Британия назорати остида дастлабки 60 кунлик муддат давомида чегара зонасини назорат қилади.