2023 йил 27 октябрдан бери Исроил эксклавда минглаб фаластинликларни, жумладан аёллар, болалар, шифокорлар ва фуқаролик мудофааси ходимларини ҳибсга олди. Улар шунчаки "жанг қилиш ёшида" бўлгани ёки Фаластин қаршиликларини қўллаб-қувватлаш айби билан ҳибсга олинган. Фаластинликларнинг баъзилари кейинчалик озодликка чиқарилган бўлса, бошқалари ғайриинсоний шароитларда жазони ўтамоқда. Бу ҳақда АзонГлобал нашри ёзди.
Исроил қамоқхоналари қийноқлар лагерига айланди
Исроил қамоқхоналари фаластинликлар жисмоний ва жинсий зўравонлик, очлик ва уйқусизлик каби шафқатсиз қийноқларга дучор бўлаётган "қийноқ лагерлар"ига айланди, дейилади Исроилнинг “Бецелем” (B'Tselem) нотижорат ташкилоти ҳисоботида.
“Дўзахга хуш келибсиз: Исроил қамоқхоналари қийноқ лагерлари тармоғига айланди” номли ҳисобот август ойида бир неча тилларда чоп этилди.
Тадқиқот давомида “Бецелем” Исроил қамоқхоналарида сақланаётган 55 нафар фаластинликдан гувоҳлик тўплади. Улардан 30 нафари Ғарбий Соҳил, жумладан Шарқий Қуддус аҳолиси, 21 нафари Ғазо сектори ва тўрт нафари асли араб бўлган Исроил фуқароларидир.
Собиқ маҳбуслар, жумладан, шифокорлар, олим аёллар, ҳуқуқшунослар, университет талабалари, болалар ва сиёсий етакчилар Исроил Ғазо секторига ҳужумлар бошлаган 2023 йил 7 октябрдан кейин Исроил қамоқхоналарида бошларидан ўтказган ҳолатлар ҳақида гапирган.
Фаластинликлар қамоқхоналарда зўравонлик ва қийноқлар, жумладан жинсий зўравонлик, хўрлаш, очлик ва шафқатсиз ўзбошимчалик билан зўравонлик қилиш бўйича тизимли сиёсат олиб борилаётганини таъкидлаган.
Жинсий тажовуз, хўрлаш, қасддан очлик, мажбурий антисанитария, уйқусизлик, диний амалларга қарши тақиқ ва жазо чоралари, барча шахсий буюмларни мусодара қилиш ва тегишли тиббий ёрдам кўрсатишдан бош тортиш – собиқ маҳбуслар Исроил қамоқхоналаридаги шароитларни шундай тасвирлайди.
Ҳисоботда айтилишича, 12 дан ортиқ ҳарбий фуқаролик қамоқхоналаридаги ҳар бир маҳбус атайлаб шафқатсиз, тинимсиз оғриқ ва азоб-уқубатларга дучор бўлган.
Ғазо секторидаги ҳужумлардан олдин, Исроил қамоқхоналарида 5192 фаластинлик бўлган, 2024 йил июль ойи бошида эса 9623 нафарга етган. Фаластинликларнинг 4781 нафари судсиз ва айбловларсиз “маъмурий қамоқ” ниқоби остида қамоқхоналарга жойлаштирилган.
Исроил қамоқхоналарида қанча фаластинлик сақланаётгани ҳақида аниқ маълумот йўқ, бироқ Исроил матбуотига кўра, бу рақам камида 4500 нафарни ташкил қилади.
"Исроил Гуантанамоси": Сде Тейман ҳибсхонасидаги мислсиз қийноқлар
Ғазо секторида Исроил армияси томонидан қўлга олинган фаластинликларга нисбатан ғайриинсоний жиноятлар, айниқса жинсий зўравонлик ва қийноқлар содир этилаётган Сде Тейман фаластинликларга энг шафқатсиз муносабатда бўлган қамоқхоналардан бири саналади.
Исроил қамоқхоналаридаги фаластинликларга нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонлик қароргоҳи Исроилда жойлашган Фуқаролик ҳуқуқлари нодавлат ташкилоти уюшмаси ҳисоботида батафсил баён этилган.
Ҳисоботда Сде Тейманда жарроҳлик амалиётлари беҳушликсиз амалга оширилгани, маҳбусларнинг оғриқ келтирувчи тарзда қўлларига кишан солингани, узоқ вақт кўзлари боғланган ҳолда қолдирилгани, зўравонлик қўллангани ва тиббий эътиборсизлик кўрсатилгани қайд этилган.
Исроил қамоқхоналарида 48 фаластинлик ўлдирилди
Haaretz нашрининг 29 июль куни хабар беришича, Исроил армияси Исроил қамоқхоналарида 48 нафар фаластинлик ҳалок бўлганини текширмоқда.
Бу кишиларнинг кўпчилиги Ғазода қўлга олингани, 36 нафарининг эса Сде Тейманда ҳалок бўлгани қайд этилди.
18 сентябрь куни Исроил Олий суди Сде Тейманни ёпиш тўғрисидаги сўровни инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳибсхонада қонунбузарликлар содир этилганини исботлаганига қарамай, рад этди.
Haaretz Сде Теймандан ташқари, Исроил шимолидаги Мегиддо қамоқхонаси ҳам фаластинлик маҳбусларга қарши доимий равишда даҳшатли жиноятлар содир этиладиган ва мунтазам қийноқлар қўлланиладиган яна бир қамоқхона эканини таъкидлади.
Мегиддодан сиздирилган ҳужжатлар юзлаб фаластинлик маҳбуслар бир қатор даҳшатли қийноқларга, жумладан, уларни камситиш учун итлар ҳужумларига дучор бўлганини кўрсатди.