Женин лагери матбуот қўмитаси маълумотларига кўра, Исроил армияси босқинлар бошланганидан буён 600 дан ортиқ уйларни бутунлай бузиб ташлаган. Қолган бинолар эса оғир зарар кўрган ва яшашга яроқсиз ҳолга келган.
Женин шаҳридаги ҳарбий операциялар 159 кундан бери давом этмоқда. Кўплаб уйлар ёқиб юборилган, айримлари ҳарбий базаларга айлантирилган. Исроил кучлари турар-жой маҳаллаларида катта миқёсдаги казиш ва вайрон қилиш ишларини олиб бормоқда.
Босқинлар бошланганидан буён Женинда 42 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Ўнлаб одамлар жароҳатланган. 22 мингга яқин киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Тулкарм матбуот қўмитаси маълумотига кўра, Тулкарм ва Нур-Шамс лагерларида Исроил армияси 400 дан ортиқ уйларни бутунлай бузган. Яна 2573 бино зарар кўрган. Исроил қўшимча равишда 106 бинони, жумладан 250 дан ортиқ яшаш уйлари бузилишини режалаштирмоқда.
Тулкармдаги ҳарбий амалиёт 152 кундан бери, Нур-Шамсда эса 140 кундан бери давом этмоқда. Бу вақт ичида 13 киши ҳалок бўлган, улар орасида бир бола ва ҳомиладор аёл ҳам бор. Кўплаб аҳоли жароҳат олган, айримлари ҳибсга олинган.
Вайронагарчиликлар оқибатида 5 мингдан ортиқ оила, яъни 25 мингдан кўп одам лагерлардан чиқиб кетишга мажбур бўлган. Исроил кириш ва чиқиш йўлларини тўсиб қўйиб, оғир гуманитар вазиятни юзага келтирмоқда.
Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган бир пайтда, Исроил Ғарбий Соҳилда, айниқса Қуддус ва унинг атрофида ҳужумларини кучайтирмоқда.
Фаластин расмийларининг маълумотига кўра, 2023 йил 7 октябрдан бери Ғазо секторида 56 412 киши ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти аёллар ва болалар. Яна 133 054 киши жароҳат олган.
Ғарбий Соҳилда эса шу пайтгача камида 1000 киши ҳалок бўлган, 7000 киши яраланган, 17 500 дан ортиқ одам ҳибсга олинган.