Фаластин ерларини босиб олган исроиллик посёлка аҳолиси Ғарбий соҳилда зайтун териш мавсуми бошлангани муносабати билан фаластинлик дехқонларга ҳужумларни кучайтирмоқда.
Исроил ишғоли остида яшовчи фаластинликлар учун зайтун дарахти асосий тирикчилик манбаи бўлиб қолмоқда. Ҳар йили ҳосил мавсуми бошланиши билан посёлка аҳолиси томонидан ҳужумлар сони ортади.
Фаластин манбалари маълумотига кўра, ўтган ойда 71 та ҳужум қайд этилган, натижада бир киши ҳалок бўлган, 99 киши яраланган. Бу ҳужумларнинг ярми айнан зайтун терими пайтида содир бўлган.
Исроил полицияси ва ҳарбийлари ҳимояси остидаги экстремистлар тахминан 1,400 та зайтун дарахти ва кўчатларни илдизи билан қўпориб ташлашган.
Сўнгги йилларда ҳосил йиғим-терими пайтидаги ҳужумлар сони кескин кўпайган. Ўтган йили 200 дан ортиқ ҳодиса қайд этилган — бу 2023 йилга нисбатан деярли икки баробар кўп.
Маълумотларга кўра, 1967 йилдан бери ишғол қилиб келинаётган Ғарбий соҳилда 250 та ноқонуний исроил посёлкалари жойлашган. Уларда тахминан 451 минг исроиллик, шунингдек, 230 мингга яқин киши Шарқий Қуддусда яшайди.
Халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, бу посёлкалар ноқонуний деб ҳисобланади.