Исроил молия вазири Бецалель Смотрич Исроил чегаралари Ливан жанубидаги Литани дарёсигача кенгайтирилиши кераклигини айтди.
Бецалель Смотрич бу баёнотни Исроил радиосига берган интервьюсида айтди.
"Мен аниқ айтаман: Литани дарёси Исроилнинг янги давлат чегарасига айланиши керак", деди Смотрич.
Унинг қўшимча қилишича, Ливандаги ҳарбий операция "тубдан янги ҳақиқатни яратишга олиб келиши керак - бу Ҳизбуллоҳ таҳдидини йўқ қилишни ҳам, Исроил давлат чегараларини қайта кўриб чиқишни ҳам ўз ичига олади".
Исроил мудофаа кучлари ва Ҳизбуллоҳ ўртасидаги қуролли тўқнашув АҚШ ва Исроил 28 февраль куни Эронга қарши қўшма операция бошлаганидан кўп ўтмай қайта бошланди. Бунга жавобан Эрон Исроилга ракеталар отди ва Форс кўрфазидаги АҚШ ҳарбий базаларига ҳам ҳужум қилди. Минтақадаги бир нечта давлатлар бунга жавобан ўз ҳаво майдонларини вақтинча ёпдилар. Шу куни Эроннинг олий раҳбари Али Хоменей зарбалар натижасида ҳалок бўлди.