Бугун 23 март, 2026 йил, душанба

O'ZB

АҚШ ҳарбийлари: “Исроил учун ўлишни истамаймиз”

АҚШ ҳарбийлари: “Исроил учун ўлишни истамаймиз”

АҚШ ва Исроил Эронга қарши кенг кўламли уруш бошлаганидан йигирма кундан зиёд вақт ўтган бир паллада Қўшма Штатлар ҳарбийлари орасида ташвиш ва хавотир кучаймоқда, деб ёзмоқда HuffPost нашри.

28 февраль куни Эронга қарши уруш бошлаган Вашингтон ва Тель-Авив маъмуриятлари тезкор ҳужумдан кейин Теҳрон ҳукумати қулашига умид қилган эди. Аммо уларнинг бу умиди рўёбга чиқмади, Эрон халқи ҳукумат теграсида жипслашгани кузатилди.

Эрон томонидан Ҳўрмуз бўғози қатъий равишда назоратга олингач, дунё бозорида нефть ва газ нархи кескин қимматлади. Айни пайтда АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон ҳудудига аскар киритишни, хусусан, Эроннинг стратегик муҳим саналган Хорк оролини эгаллаш учун қуруқликда ҳарбий амалиёт ўтказишни режалаштираётгани айтилмоқда.

HuffPost нашри ёзишича, ҳарбийлар Эронга қўшин киритишни буткул ҳалокатли қадам деб атамоқда.

Қайд этилишича, Эронга қарши уруш сабаб кучли стресс, ҳафсала пир бўлиши ва руҳий беқарорлик ҳолатига дучор бўлган америкалик айрим аскарлар армияни тарк этишни ҳам мўлжаллаётир.

АҚШнинг Яқин Шарқ минтақасидаги ҳарбийлари, аввало, кучли ҳимоя ва режалаштириш йўқлигидан норози. Ҳозирга қадар Эрон ўз ҳудудига ҳужумга жавобан АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий объектларига ракета ва дронлар орқали зарба берди. Уруш давомида 13 нафар америкалик аскар ҳалок бўлди, 230 дан зиёди жароҳатланди.

“Биз Исроил учун ўлишни истамаймиз, биз сиёсий майдонда пиёда бўлиб қолишни хоҳламаймиз”, – деган ёш ҳарбийлар.

Таҳлилчилар фикрича, Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг босими остида Эронга қарши уруш бошлади ва эндиликда мушкул вазиятдан чиқиш йўлини топа олмаётир.

HuffPost нашрига кўра, АҚШ армиясидаги ёш аскарлар орасида Исроилга нисбатан салбий муносабат кучайган.

NBC News ўтказган сўров натижаларига қараганда, 34 ёшдан кичик бўлган сайловчиларнинг 63 фоизи Исроилга нисбатан салбий муносабатда эканини билдирган. Минглаб тинч аҳоли ўлимига сабаб бўлган Ғазодаги қонли ҳарбий ҳаракатлар Тель-Авивга қарши кайфиятни кучайтирган.

Уруш муаммоларига бағишланган марказ ижрочи директори Майк Приснернинг айтишича, ўтган йиллар мобайнида ҳар йили 50-80 нафар аскар ушбу марказга армиядан кетиш масаласида мурожаат қилган. Март ойида бу кўрсаткич 1000 фоизга ортган. Ҳозирда ҳар куни камида бир нафар аскар истеъфо масаласида кўмак сўраётир.

1,3 миллион аъзога эга АҚШ армиясидан ҳарбийларнинг оммавий равишда истеъфоси кузатилаётгани йўқ, албатта. Аммо аскарлар орасидаги норозилик, руҳий беқарорлик урушнинг натижасига таъсир этмай қолмайди.

Армиядан кетмоқчи бўлган аскарлар сиёсий етакчилар Эронга қарши урушнинг сабабларини асосли равишда изоҳлаб бера олмади деб ҳисоблайди. Ҳарбийлар орасида норозилик кучайишига Эрондаги мактабга берилган зарба ҳам сабаб бўлди.

Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Эроннинг Миноб туманидаги “Шажарайи Тоййиба” мактаби бомбаланиши оқибатида камида 170 киши ўлдирилиши учун жавобгарлик АҚШнинг зиммасида деб ҳисоблайди. Халқаро ташкилот хулосасига кўра, асосан болалар ўлимига олиб келган ушбу ҳужумда Қўшма Штатлар ҳарбийлари Tomahawk ракетасидан фойдаланган.

“Шажарайи Тоййиба” мактаби 28 февраль куни бомбардимон қилинган эди. Айни дарс вақти уюштирилган ҳужум оқибатида камида 170 нафар ўқувчи ва ўқитувчилар ҳалок бўлган, мактаб биноси эса бутунлай вайрон бўлган.

АҚШ маъмурияти, хусусан, президент Трамп ушбу фожиа учун жавобгарликни зиммага олишдан бўйин товламоқда. Қўшма Штатлар ҳарбийлари орасида эса бу ҳол норозилик уйғотмоқда.

Уруш фахрийлари хавотирига кўра, АҚШ Ироқ ва Афғонистондаги каби қиммат ва узоқ муддатли ҳарбий можарога аралашиб қолди.

Қўшма Штатларнинг Эронга қарши ҳарбий операцияси харажатлари бир ой ичида 27 миллиард доллардан ошиб кетди. Харажатлар ҳар куни ортиб бормоқда.

Яқинда Трамп маъмуриятидаги юқори мартабали разведка мулозими – Терроризмга қарши кураш бўйича миллий марказ директори Жо Кент Оқ уйнинг Эронга қарши урушига норозилик билдирган ҳолда лавозимидан истеъфо берди. Унинг фикрича, Эрон АҚШга бевосита таҳдид туғдирмаган ва Трамп бу урушни Исроил босими остида, унинг Америкадаги кучли лоббиси таъсирида бошлади.

Эронга қарши уруш бошланганидан кейин дунё энергетика бозорида кескин қимматлашув рўй берди. Бир томондан, жаҳон энергетика бозорида нарх ошиши, иккинчи томондан, АҚШ жамоатчилиги ҳамда мухолифат босими сабаб Трамп гарчи якуний мақсадга эришмаган бўлса-да, урушдан чиқиш йўлини қидираётгани айтилмоқда.

Боз устига, Эронга қарши уруш АҚШнинг халқаро майдонда деярли яккаланиб қолганини кўрсатди. Ҳатто Швейцария каби иттифоқчи давлат ҳам Эронга қарши уруш муносабати билан АҚШга қурол-аслаҳа экспортини тақиқлади.

Киритилди: Бугун 20:12. Ўқилди: 833 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!