Бугун 29 ноябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Исроил Ливан жанубига аҳоли қайтишини тўсмоқда

Исроил Ливан жанубига аҳоли қайтишини тўсмоқда

Ливан армияси қўмондонлиги Исроил қўшинларини халқаро келишувларни бузишда айблади.

Ливан армияси қўмондонлигига кўра, Исроил армияси томонидан давом этаётган ҳужумлар ва халқаро ҳуқуқий келишувларнинг бузилиши мамлакат жанубида Ливан ҳарбийларини жойлаштиришга тўсқинлик қилмоқда ҳамда қочқинларнинг ўз уйларига қайтишига имкон бермаяпти.

Расмий баёнотда айтилишича, Исроил қўшинлари турар жой уйларини бульдозерлар ёрдамида мунтазам равишда бузмоқда, шунингдек, жанубий ҳудудларнинг бир нечтасида артиллерия ва пулемётлардан ўқ узмоқда. Ливан армияси қўмондонлиги бу каби ҳаракатлар минтақада барқарорликни тиклашга қаратилган барча саъй-ҳаракатларни издан чиқараётганини таъкидлади.

Ҳарбий идора маълумотига кўра, Исроил армияси бир қатор аҳоли пунктларига зарбалар берган, шунингдек, Маркаба туманида жойлашган Литани дарёси миллий бошқармасига қарашли сув иншоотини ҳам бомбардимон қилган.

Бундан ташқари, Исроил қўшинлари қишлоқ хўжалиги ерларини вайрон қилиб, кўп асрлик зайтунзорларга ўт қўяётгани қайд этилган.

Ливан расмийлари маълумотига кўра, 2 мартдан буён Исроил армиясининг ҳужумлари оқибатида мамлакатда 4330 нафар киши ҳалок бўлган, яна 12 236 нафар киши жароҳат олган.

Шу билан бирга, Исроил Ливан жанубидаги айрим ҳудудларни назорат қилишда давом этмоқда. Улар қаторига 2023 йил октябридан 2024 йил ноябригача бўлган жанглар давомида эгалланган ҳудудлар, шунингдек, бир неча ўн йиллардан буён назорат қилиб келинаётган ерлар ҳам киради.

Киритилди: 21:04 27.07.2026. Ўқилди: 1313 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар