Ҳукуматнинг Қуддус ва Исроил мероси бўйича вазири Амихай Элияху Ғазо секторига ядровий зарба бериш “эҳтимолий вариантлардан бири” эканини айтганидан кейин ўз фаолиятини тўхтатди.
KolBeramah радиостансиясига берган интервюсида у, шунингдек, Ғазода "ҳарбий бўлмаганлар" йўқлигини ва минтақадаги тинч аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатиш "муваффақиятсизлик" бўлишини айтди.
Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху Элияхунинг баёнотига тезда жавоб бериб, бундай баёнотлар "ҳақиқатдан узоқда" эканини маълум қилди.
Ҳукумат хатти-ҳаракатларини танқид қилганларнинг таъкидлашича, вазирлар маҳкамасида экстремал қарашларнинг мавжудлиги жуда ташвишли.
Мухолифатдаги Лейбористлар партияси раиси Меирав Майкл Элияху каби одамларни "иложи борича қарор қабул қилиш жараёнидан узоқроқ тутиш кераклигини" таъкидлади.
Маълумот ўрнида, Исроил ҳеч қачон ядро қуролига эга эканлигини очиқ тан олмаган, бироқ унинг ўнлаб, эҳтимол, юзлаб ядро каллаклари борлиги таҳмин қилинади.