2023 йил 7 октябрда Ғазо секторига оммавий зарбалар бошланганидан бери Исроил Ғарбий Соҳилни аннексия қилиш жараёнини кескин кучайтирди. Уруш ниқоби остида Фаластин ерларини эгаллаб олиш, ноқонуний аҳоли пунктларини кенгайтириш, илгари тан олинмаган форпостларни қонунийлаштириш ва босиб олинган ҳудуднинг катта қисмини “давлат ерлари” деб эълон қилишда давом этмоқда.
Бу мустақил Фаластин давлатини яратишни назарда тутувчи Иккинчи Осло келишуви имзоланган 1995 йилдан бери Исроил ҳукумати томонидан амалга оширилган энг кенг қамровли ҳаракатдир. Имзоланган мажбуриятларга қарамай, Исроил можаро зонасида яҳудий аҳоли пунктларини қуриш ва кенгайтиришни давом эттириб, уларни бир неча бор бузган.
28 май куни Исроил ҳукумати Ғарбий Соҳилда босиб олинган ерларда 22 та янги яҳудий аҳоли пункти қурилишини маъқуллади. Улардан 12 таси аввал ташкил этилган, бироқ ҳатто Исроил қонунларига кўра, ноқонуний постлар, 9 таси мутлақо янги объектлар бўлиб, битта аҳоли пункти янги маҳалла билан кенгайтирилади.
Исроилнинг "Peace Now" нодавлат ташкилотига кўра, бу қарор Осло келишувлари имзоланганидан бери энг катта бузилиш бўлади ва Ғарбий Соҳилнинг демографик ва сиёсий манзарасини тубдан ўзгартириб, Фаластин давлати бўлиш истиқболини янада хаёлий қилади.
11 май куни Исроил ҳукумати Ғарбий Соҳилнинг С ҳудудида (ҳудуднинг тахминан 61 фоизи) ерга эгалик ҳуқуқини ҳарбий маъмуриятдан тўғридан-тўғри Тель-Авив ҳукуматига ўтказиш тўғрисидаги қарорни маъқуллади. Ўзининг ўта ўнг қарашлари билан танилган Молия вазири Безалел Смотричнинг сўзларига кўра, бу минтақани "де-факто аннексия қилиш" йўлидаги муҳим қадамдир.