Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) Ливан жанубидаги 29 та аҳоли пункти истоқоматчиларига «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи объектларига бериладиган навбатдаги авиазарбалар муносабати билан зудлик билан эвакуация бўлиш ҳақида огоҳлантириш юборди.
Бу ҳақда ЦАХАЛ вакили Авихай Адраи ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
У ушбу аҳоли пунктларида яшовчилардан Заҳрани дарёсидан шимолдаги ҳудудларга тезкорлик билан чиқиб кетишларини талаб қилган.
«Биз ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувни бузишда давом этаётган «Ҳизбуллоҳ»га қарши қатъий чоралар кўришга мажбурмиз. Шу сабабли, ўз хавфсизлигингиз йўлида зудлик билан уйларингизни тарк этишингиз лозим. «Ҳизбуллоҳ» жангарилари, объектлари ёки ҳарбий техникалари яқинида бўлган ҳар бир киши ўз ҳаётини хавф остига қўяди», — дейилади баёнотда.