ҲАМАС 30 январь куни гаровга олган саккиз кишини — уч нафар исроиллик ва беш нафар Таиланд фуқаросини Қизил Хочга топширди. Исроил бунинг эвазига 110 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Озод қилинганлар орасида Исроил армиясининг 20 ёшли ҳарбий хизматчиси Агам Бергер ҳам бор. У 482 кун асирликда бўлган. Шунингдек, 29 ёшли Арбел Яҳуд ва 80 ёшли Гади Мозес ҳам озод қилинган. Яҳуднинг турмуш ўртоғи ва акаси ҳали ҳам асирликда қолмоқда.
Фаластинлик 110 нафар маҳбусдан 32 нафари умрбодга қамалган, 48 нафари эса узоқ муддатли қамоқ жазосини ўтаётганди. Шунингдек, икки нафари 15 ёшли ўсмир, 30 нафари 18 ёшгача бўлганлардир. Озод қилинган маҳбусларнинг 21 нафари чет элга депортация қилиниши керак.
Таиланд Ташқи ишлар вазирлигига кўра, 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми пайтида 31 нафар Таиланд фуқароси ўғирлаб кетилган. Уларнинг аксарияти йил охирига келиб озод қилинган. Исроилда умумий ҳисобда 30 мингга яқин Таиланд фуқаролари яшайди.