Аллоҳ таоло инсонларни ер юзидаги неъматлардан фойдаланиб ҳаёт кечиришга буюрди. Шу билан бирга неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, исрофга йўл қўймасликка чақиради.
Исрофнинг асл моҳияти ҳақида ҳам бир мулоҳаза қилиб олсак фойдадан ҳоли бўлмайди. Исроф сўзи асли арабча бўлиб, ҳисобсиз тарзда ишлатиш , ҳаддидан ошиш каби маъноларни англатади. Исрофга йўл қўйган киши неъматларни ўрнига сарфламаган ва ҳожатдан ташқари ишлатган бўлади. Бизнинг ўзбек тилимизда увол қилиш, неъматни қадрламаслик деган маъноларга ўгириб ишлатсак тўғрироқ бўлади.
Ота-боболаримиз қадимдан ҳар бир нарсани хусусан, нонни эъзозлашга, уни исроф қилмасликка чақириб келганлар, бир дона увоқни ҳам териб ейиш керак дея тарбия берганлар. Ноннинг увоғи ёки бир бурда нон ҳам аслида бутун ноннинг кичкина бўлагидир. Кўзимизга илмаган ушоқ ҳам йиғилса, бутун нон бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръонда мўминларнинг сифатларини зикр этар экан, уларнинг исрофгар ҳам, хасис ҳам бўлмасликларини баён этади: (Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида мўътадилдир , дейилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар , Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқлик кўрмайди , деганлар.
Лекин таассуфлар бўлсинки, бугунги кунга келиб аксарият ҳолларда исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Хонадонларимизда ортиб қолган таом ёки бошқа озуқавий махсулотлар ташлаб юборилмоқда. Бугунлик кунда ахлат уюмлари орасида нон ҳам пайдо бўлгани айниқса, ачинарли ҳолдир.
Тўйлар, байрамлар, тантаналар ва бошқа маросимлардаги исрофгарчиликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ейишга яроқли қанча неъматлар увол бўлиб кетади. Борган сари тўй ҳашамларимиз дабдабали тус олиб боряпти, кундан-кунга янги-янги турдаги тантана ва маросимлар, янги-янги турдаги исрофли, дабдабали одатлар пайдо бўлмоқда.
Бир умр топган-тутганларимизни соғлигимизни тиклашга эмас, моддий таъминотимизни яхшилашга эмас балки, дабдабали тўй ва бошқа маросимларни ўтказишга сарфлайдиган бўлиб қолдик.
Ундан кўра ўша маросимларимизни бироз қисқартирсак, бироз ихчамлаштирсак ўзимизга яхши эмасми? Баҳонада қанча-қанча маблағ тежалар эди. Озгина соғлигимизни тиклашга, фарзандларимиз илм-одоб олиш йўлига тузукроқ эътибор қаратишга қўлимизда имконият пайдо бўларди. Энг ачинарлиси эҳсон қиламиз деб қарзга ботиб, қарз узиш илинжида ҳаёлимиз паришон бўлиб юрмасди.
Ҳар биримиз шуни унутмайликки, бундай исрофгарчиликлардан албатта қиёмат кунида ҳар биримиз сўраламиз. Ундан кўра ўша пулларни бир қисмини қийналаётган, кам таъминланган хонадонларга бўлиб берса, қариндош-уруғлар орасидаги ҳожатмандларнинг ҳожатини чиқарса бўлади.
Бизнинг бугунги кунда қилаётган дабдабали маросимларимизни саховат ҳам деб бўлмайди. Саховат деб дарҳақиқат эҳсонга муҳтож бўлган одамга қилинадиган яхшиликка айтилади. Чунки ҳадисларда: - Таомларнинг ёмони қорни очлар қолиб, қорни тўқлар чақирилган зиёфатдир дейилган. Берилган неъматларни исроф қилиш, уларни қадрига етмаслик гуноҳдир.
Бизга берилган молу дунёни исроф қилмасдан, бахиллик ҳам қилмасдан, меъёрида ишлатсак, саховатни ўрнига сарфласак, бировга муҳтож ҳам бўлмаймиз, қарзга ҳам ботмаслигимиз аниқ.
Муҳтож кишиларга садақа ва эҳсонлар қилиш динимиз талаби ва бунинг учун бандага улуғ савоблар ваъда қилинган. Аммо бу соҳада ҳам меъёрдан ошилса, исрофгарчиликка йўл қўйилган бўлади.
Саховат яхши фазилат. Саховат хасислик ва исроф ўртасидаги меъёрий бир босқичдир. Садақа ва эҳсонларда исрофгарчилик қилиш кўпинча кимўзарга тўйлар қилиш, ўзини кўз-кўз қилиш ва шу каби кўринишда намоён бўлади. Унутмайликки, риёкорлик қилиш банданинг охиратдаги аҳволини ёмонлаштиради.
Инсонга берилган барча неъматлар, улар озиқ-овқат маҳсулотлари бўладими, ичиладиган сув бўладими, кийиладиган кийим бўладими барча барчасини қадрига етиш керак. Бизда газ ва шу каби неъматлар, одатда тежаб ишлатилади. Сабаби эртага унинг пулини тўлаб қўйишни ўйлаймиз. Сув ва шу каби арзон ёки текин неъматлар хоҳлаганча тасарруф қилинаверади. Сабаби пулимиз кетмайди-да. Йўқ, биз неъматларни катта-кичикка ажратмасдан, барини қадрлашимиз керак. Ким билади, биз ҳозир қадрига етмаётган нарса вақти келиб, энг қимматбаҳо нарсага айланар. Неъматлар бардавом бўлсин, заволга учрамасин, десак, вақтида уларни қадрига етайлик.
Ҳар бир ақиллик инсон исрофдан сақланмоғи, берилган неъматларни катта-кичик демасдан қадрига етмоғи даркор. Шунда Аллоҳ таоло неъматларини янада зиёда қилиб беради.
Manba: azon.uz