Испанияда кучли сув тошқинлари оқибатида 4 минг гектардан ортиқ ер ва 3,9 мингга яқин бино зарар кўрди. Бу ҳақда сунъий йўлдош тасвирларини эълон қилган Европа масофавий зондлаш ва хариталаш хизмати Коперник маълум қилди.
"Харитадан кўриниб турибдики, сув тошқини 4100 гектардан ортиқ ер усти ва 3906 та бино, шунингдек, 60 мингдан ортиқ аҳоли, 15,2 км темир йўл ва 531,6 км автомобил йўлларига зарар етказган”, — дейилади хабарда.
29 октябрь куни Испания давлат метеорология агентлиги кучли ёмғир туфайли мамлакатнинг турли ҳудудларида об-ҳавонинг кескин ёмонлашиши ҳақида огоҳлантирди. Мамлакат жануби ва шарқида ёғингарчилик туфайли об-ҳаво хавфи максимал даражага кўтарилди. Табиий офат энг кўп тошқинлар қайд этилган Валенсия автоном ҳамжамиятига тушди. Айни пайтда минтақада 211 ўлим ҳолати маълум. Йўқолганларни қидириш давом этмоқда.
Валенсия автоном ҳамжамияти ҳукумати Испания марказий ҳукуматидан тошқин оқибатларини бартараф этиш учун 31 миллиард евродан ортиқ ёрдам пакетини сўради.