Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Эсмаил Бағайи АҚШнинг таҳдидлари ва сулҳни бузганликлари сабабли Эрон уруш ҳолатида эканлигини айтди.
Бағайи бу ҳақда Ҳормуз бўғози атрофидаги вазият бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
"Ҳар сафар Ҳормуз бўғозидаги вазиятни муҳокама қилганимизда, ҳозирги вазиятга олиб келган сабабларни ҳисобга олишимиз керак", деди Эсмаил Бағайи.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Исроил Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлашдан олдин Ҳормуз бўғозида ҳеч қандай муаммо бўлмаган.
"Ҳозирги вазият АҚШнинг ҳаракатлари туфайли юзага келган. Биз ҳали ҳам уруш ҳолатидамиз. Ҳа, сулҳ расман эълон қилинган эди, аммо афсуски, бошиданоқ у АҚШ томонидан бир неча бор бузилган. Ва Эрон портлари ва кемалари АҚШ нишонига айланиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотлар вазиятни янада мураккаблаштирди", деб таъкидлади у.
Бағайининг қўшимча қилишича, ҳозирги шароитда Ҳормуз бўғозида бир томонлама эркин навигацияни таъминлаш мумкин эмас: нафақат Эрон қирғоқбўйи давлати сифатида кўрилган чоралар туфайли, балки юк ташиш компаниялари, юк эгалари ва суғурталовчиларнинг ўзлари ҳам хавф-хатарлар туфайли минтақадан транзит ўтишни истамаслиги сабабли.
Шунингдек, у келажакда шунга ўхшаш вазиятларнинг олдини олиш учун кемаларнинг Ҳормуз бўғози орқали хавфсиз ўтишини таъминлаш учун аниқ протоколларни ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.