Россия ҳарбий суди Ўзбекистон фуқаросини террорчилик фаолияти билан шуғуллангани учун қаттиқ тартибли колонияда 15 йил озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилди. Ҳукмга кўра, у дастлабки уч йилни ёпиқ қамоқда ўтайди.
Суд материалларига кўра, фуқаро 2023 йилнинг кузидан 2024 йилнинг январигача Краснодар ўлкаси ва Адигея ҳудудида вояга етмаган шахс билан ёзишмалар олиб бориб, уни “Исломий давлат” (ИШИД) террорчилик ташкилоти сафига қўшилишга ундаган.
Шунингдек, тергов органлари унинг ҳибсда бўлган даврида ҳам радикал тарғибот билан шуғулланганини қайд этмоқда. У ўз камерадошини ИШИД фаолияти “тўғри йўл” экани ҳақида ишонтиришга уринган.
Россия қонунчилигига мувофиқ, мазкур жиноят террорчилик фаолиятини тарғиб қилиш ва ёшларни жалб қилиш сифатида баҳоланди.