Ироқ Бош вазири Муҳаммад Шиа ас-Суданий раҳбарлигидаги коалиция мамлакатдаги парламент сайловларида ғалаба қозонди. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, «Тикланиш ва ривожланиш» номли блок 1,3 миллион овоз тўплаган — бу энг яқин рақибидан 370 мингта овозга кўп.
Ас-Суданий 56 фоизлик сайловчилар иштирокини “муваффақиятнинг очиқ далили” ва сиёсий тизимга бўлган ишонч тикланаётганининг белгиси сифатида таърифлади.
Шу билан бирга, айрим шаҳарларда, жумладан Боғдод ва Нажафда сайловчилар фаоллиги жуда паст бўлган. Бу ҳолат таъсирли шиалар етакчиси Муқтадо ас-Садр ўз тарафдорларини “нуқсонли сайловлар”ни бойкот қилишга чақирганидан кейин кузатилган.
Кутилганидек, шиалар, суннийлар ва курд номзодлари асосан ўз диний-этник ҳудудларида ғалаба қозонди. Аммо айрим сюрпризлар ҳам бўлди: суннийлар кўпчиликни ташкил этувчи Ниневия вилоятида энг кўп ўринни курд партияси олди. Шу билан бирга, катта курд озчилик яшайдиган Дияла вилоятида курд номзодлари парламентга кира олмади — бу 2005 йилдан бери биринчи марта содир бўлмоқда.
329 ўринли парламентда ҳеч бир партия мутлақ кўпчиликни қўлга киритмагани сабабли, ҳукумат тузиш учун янги коалиция шакллантирилиши керак бўлади. Бу жараён Ироқда анъанавий равишда бир неча ойга чўзилади.
Эслатиб ўтамиз, бу сайловлар — 2003 йилда АҚШ босқинидан кейин Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилганидан бери мамлакатдаги олтинчи парламент сайлови ҳисобланади.