Бугун 27 январь, 2022 йил, пайшанба

O'ZB

Инвестициявий низоларнинг судловга тааллуқлилиги

Инвестициявий низоларнинг судловга тааллуқлилиги

Сўнгги йилларда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ҳамда хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ушбу чора-тадбирларнинг давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 24 июлдаги ПФ-6034-сонли Фармонида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг Олий суд тузилмасида йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилган судлов таркибини тузиш ҳақидаги таклифи маъқулланган эди.

Ушбу Фармон ижросини таъминлаш мақсадида “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ-662-сонли ва “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ-663-сонли Ўзбекистон Республикасининг қонунлари қабул қилинди. Ушбу қонунлар билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Жумладан, маъмурий судларга ҳамда иқтисодий суднинг судловига тааллуқли бўлган “Инвестициявий низолар бўйича ишлар” тушунчалари мазкур ишларнинг судларга тегишлилигини ёритиб берувчи қонун нормалари билан тўлдирилди. Шу ўринда инвестор сўзининг луғавий маъносига қарасак, у лотин тилидаги inverto сўзидан олинган бўлиб, ағдараман, ўзгартираман деган маъноларни англатади. Инвестициявий низолар бўйича ишлар деганда чет эл ёки маҳаллий инвесторларнинг инвестициялари билан боғлиқ бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эллик инвесторнинг инвестиция фаолиятини амалга ошириши чоғида юзага келадиган муносабатларни қамраб олувчи ишлар тушунилади. Бироқ барча инвестициявий низоларни маъмурий суднинг судловига тааллуқли деб бўлмайди. Яъни МСИЮтК ва ИПКга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, маъмурий ва иқтисодий судларга тааллуқли бўлган инвестициявий низолар бўйича ишлар жумласига бевосита инвестиция шартномаси билан боғлиқ бўлган ва (ёки) ундан келиб чиқадиган низолар киради. Қайд этилганларга кўра, маъмурий суднинг судловига ва иқтисодий суднинг судловига тааллуқли ишлар инвестор, шу жумладан йирик инвестор ва давлат органлари ўртасида уларнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ шартнома мажбуриятлари юзасидан келиб чиққан низони инвестициявий низо сифатида тушуниш лозим бўлади.

“Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра, инвестиция шартномаси бу инвестиция фаолияти субъектлари ўртасида тузиладиган, инвестиция шартномаси тарафларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайдиган ёзма битимдир. Инвестиция фаолияти субъектлари эса бу инвестиция шартномаси тарафлари ҳисобланади. Бунда бир томондан Ўзбекистон Республикасининг номидан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган бошқа органлар, ташкилотлар ёки уларнинг бирлашмалари бўлса, иккинчи томондан фойда олиш мақсадида инвестиция фаолияти объектларига ўз маблағларини ва (ёки) қарз маблағларини ёхуд жалб қилинган бошқа инвестиция ресурсларини инвестиция қилишни амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахслар (инвесторлар)ни тушуниш лозим бўлади.

Инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ шартнома мажбуриятлари сифатида инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун инвестор ва давлат органи ўртасидаги инвестиция контракти ёки бошқа шартномалар, шу жумладан, концессия шартномалари, давлат-хусусий шериклик тўғрисида келишувлар (шартномалар), хусусийлаштириш жараёнида сотиб олувчи (харидор) томонидан инвестициявий ва (ёки) ижтимоий мажбуриятлар қабул қилиш шарти билан давлат мулкининг олди-сотдиси шартномалари шаклида расмийлаштирилган инвесторлар ва давлат органлари ўртасидаги мажбуриятлар тушунилади.

Маъмурий суднинг судловига тааллуқли инвестициявий низолар жумласига инвесторлар билан маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахсларининг инвестиция шартномаси шартларига риоя қилиниши билан боғлиқ қарорлари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар мансуб бўлиб, иқтисодий суднинг судловига тааллуқли инвестициявий низолар бўйича ишлардан фарқланади. Маъмурий суднинг судловига тааллуқли инвестициявий низода ариза (шикоят) предмети бўлиб инвестиция шартномаси шартларига риоя қилиниши билан боғлиқ бўлган қарорлар ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ҳисобланади.

Иқтисодий суднинг судловига тааллуқли инвестициявий низоларни тааллуқлилиги масаласига бахо беришда энг аввало ИПКнинг 25-моддасида белгиланган иқтисодий суд иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар, инвесторлар ўртасидаги уларнинг инвестиция фаолиятидан келиб чиқадиган фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низоларни ҳал этишига эътибор қаратган ҳолда, иқтисодий суднинг судловига бевосита инвестициявий шартномаларга оид ишлар таалллуқли бўлади.

ИПК 301-моддасига кўра, инвестициявий низолар бўйича ишлар жумласига қуйидагилар киради:

1) инвестиция шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ низолар;

2) инвестиция шартномаларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низолар;

3) инвестиция шартномасининг бажарилиши билан боғлиқ низолар;

4) инвестиция шартномасидан келиб чиқадиган солиққа, божхонага оид, ижтимоий, экологик мажбуриятларнинг ва бошқа мажбуриятларнинг инвестор томонидан бажарилиши билан боғлиқ низолар;

5) инвестиция шартномаси бўйича инвесторга берилган мол-мулкни талаб қилиб олиш, шунингдек бундай шартнома бўйича неустойка ундириш ва (ёки) зарарларни ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар.

Инвестициявий низолар бўйича ишларнинг маъмурий суд судловига тегишлилиги МСИЮтКнинг 28-моддасида белгиланган. Унга кўра, инвестициявий низолар бўйича ишлар йирик инвесторнинг хоҳишига кўра, бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан, қолган инвестициявий низолар инвесторнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкин.

Инвестициявий низолар бўйича ишларнинг иқтисодий судларнинг судловига тегишлилиги ИПКнинг 32-моддасида белгиланган. Унга кўра, йирик инвесторнинг хоҳишига кўра инвестициявий низолар бўйича ишлар бевосида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан кўрилади, бошқа инвестициявий низолар Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилади.

Бунда шуни инобатга олиш лозимки, бундай ишларнинг судловга тегишлилиги инвестор ҳисобланувчи аризачи (даъвогар)нинг танлови бўйичи амалга оширилиши белгиланган.

Агар аризачи йирик инвестор ҳисобланмаса, у ўз танловига кўра қарори низолашилаётган маъмурий орган жойлашган жойдаги ёхуд ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан низолашилаётган мансабдор шахснинг иш жойи жойлашган туманлараро маъмурий судга ёки жавобгар жойлашган ердаги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий судига мурожаат қилиши мумкин.

Ўз навбатида, агар аризачи йирик инвестор ҳисобланмаса, у ўз танловига кўра туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судига ёки жавобгар жойлашган ердаги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар судига мурожаат қилиши мумкин.

Агар аризачи йирик инвестор ҳисобланса, у ўз танловига кўра:

- маъмурий судга тааллуқли ишлар бўйича қарори низолишилаётган маъмурий орган жойлашган жойдаги ёхуд ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан низолашилаётган мансабдор шахснинг иш жойи жойлашган туманлараро маъмурий судга ёки Ўзбекистон Республикаси Олий судига;

-иқтисодий судга тааллуқли ишлар бўйича жавобгар жойлашган ердаги туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судига ёки Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат қилиши мумкин.

Йирик инвестор томонидан Олий судга даъво (шикоят) беришда, у инвестицияни амалга ошириш бўйича шартномани ва йирик инвестор мақомига эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжатни, йирик инвестор бўлмаган шахс томонидан вилоят бўғинидаги судга шикоят берилганда эса, инвестицияни амалга ошириш бўйича шартномани тақдим этиши шарт.

Даъвогарнинг танлови бўйича судловга тегишлилик қоидаси давлат органларига татбиқ этилмайди. Шунинг учун инвесторнинг (йирик ёки йирик эмаслигидан қатъий назар) инвестиция фаолияти билан боғлиқ низо вужудга келганда, давлат органи, агар инвестор Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлса, жавобгар (инвестор) жойлашган ердаги иқтисодий судга, ёхуд судловга тегишлиликни ўзгартириш тўғрисида келишув (шартнома бўйича судловга тегишлилик) мавжуд бўлса, бошқа иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожааат қилиши керак.

Инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиниши такомиллашиши инвестициявий низоларни тўғри, тез ва самарали ҳал қилинишига, ягона суд амалиётини шакиллантиришга ҳизмат қилади.

Зарифа Қурбонова,

Наманган вилоят маъмурий суди раиси

Киритилди: 17:42 14.01.2022. Ўқилди: 738 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!