Бугун 8 август, 2022 йил, душанба

O'ZB

Интернет ва мобил алоқанинг ривожланиши ишсизликни камайтирадими?

Интернет ва мобил алоқанинг ривожланиши ишсизликни камайтирадими?

Бугун бутун дунёда ахборот-коммуникация технологиялари, хусусан, юқори тезликка эга интернет ва мобил алоқа жадал ривожланмоқда. Бу эса қўшимча иш ўринларини яратиш, ишсизликни қисқартириш учун янги имкониятларни очмоқда. Бу жараён Ўзбекистонда қандай кечаяпти? Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари бу саволга жавоб топиш учун тадқиқот ўтказди.

Тадқиқот давомида интернет ва мобил алоқанинг ривожланиши мамлакатимизда ҳам ишсизлик даражасини камайтиришда ёрдам бераётгани аниқланди. Хусусан, оптик толали интернет узунлигининг 100 км га ошиши ишсизликнинг 0,04 фоиз пунктига (фоиз пункти – икки фоиз орасидаги фарқ) қисқаришида ёрдам беради. Интернетдан фойдаланувчилар сонининг 1 фоиз пунктига ортиши ишсизликни 0,02 фоиз пунктига камайтиради. 100 та янги асосий алоқа станциясининг қурилиши ишсизлик даражасини 0,05 фоиз пунктига камайтириш имконини беради.

Тадқиқотни ўтказиш чоғида ҳудудлар бўйича 2015-2020 йилларга оид статистик маълумотларга асосланган эконометрик моделлардан фойдаланилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда АКТ соҳасида банд бўлганлар сони муттасил ошиб бормоқда. Агар 2015 йилда соҳада 33,4 минг киши ишлаган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 53,8 минг кишини ташкил этди (ўсиш суръати – 161%). Бошқа томондан, иқтисодий тараққиётнинг ҳозирги босқичида бандлик билан боғлиқ муаммони янгича ёндашув – масофавий иш ёки фриланс орқали ҳал қилиш имконияти ортаяпти. Бугунги кунда Ўзбекистонда бир қатор рақамли фриланс платформалари фаолият юритмоқда. Улар одамларга "ўзини-ўзи" иш билан таъминлашда кўмак бераяпти.

Шунга қарамай, Ўзбекистонда АКТнинг ривожланиши ишсизликнинг қисқаришига кучли таъсир қилаяпти, деб бўлмайди. Буни икки омил билан изоҳлаш мумкин. Биринчидан, юқори тезликка эга интернет асосан йирик шаҳарларда мавжуд ва олис аҳоли пунктларини бутунлай қамраб олмаган. Иккинчидан, рақамли маконда пул ишлаш имконини берувчи компьютер технологияларидан фойдаланиш бўйича кўникмалар етарли даражада эмас.

Лекин умуман олганда, келгусида ишсизлик муаммосини ҳал этишда АКТнинг роли ортиб боради. Чунки соҳа ривожлангани сари одамларнинг онлайн платформалар орқали иш топиши ёки тўғридан-тўғри онлайн сайтларда ишлаш имконияти ортади. Боз устига халқаро меҳнат бозорида рақамли касбларга талаб муттасил ошиб бормоқда.

Киритилди: 22:30 05.08.2022. Ўқилди: 1797 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!