Бу ҳолатни олимлар биологик оламнинг мўъжизаларидан бири деб ҳисоблашади. Ҳақиқатан, у лол қолдиради: айрим мавжудотлар уйқуда 120 йилгача ётиши мумкин, деб ёзади “АиФ” (2021 йил, 4-сон).
Олимлар қадимги одамлар совуқни бошдан кечириш учун уйқуга кетиш қобилиятига эга бўлишган, деган тахминни олға суряпти. Улар Испаниядаги Сима-де-лос-Уэсос ғоридан топилган суяк қолдиқларини таҳлил этиб шундай хулосага келди. Бу қолдиқлар Европа навбатдаги музлик даврини 500 минг йил илгари бошидан кечирган одамларга тегишлидир. Одамзотнинг узоқ аждодлари ноқулай шароитга мослашиш учун ҳушсиз ҳолатга яқин уйқуга кетишини ўрганган бўлишлари мумкин, дейди олимлар.
Ким билади, биз тагига етолмаган ҳолат ҳозирги замон одамлари қонида ҳам сақланиб қолгандир? Бу тахминга кўра, инсонни сунъий уйқуга кетказиш ғояси фантастика эмас. Бундан ташқари, у жуда фойдали. 2014 йилда АҚШда инсонни ушбу ҳолатга туширишнинг биринчи клиник синови маъқулланди. Бунгача тирик организмни узоқ уйқуга кетказиш ҳайвонларда синаб кўрилган. Тажриба ўтказилаётган чўчқа қони сўриб олиниб, ўрнига махсус физсуюқлик юборилиб, тана ҳарорати -10 даражагача пасайтирилган. Сўнгра яна қон юборилганда организм қайта “тирилган”.
“Агар ўлим рўй бергандан 2 соатдан кейин инсон касалхонага олиб келинса, биз уни тирилтиришга қодир эмасмиз, - дейди ушбу тажрибани ўтказган тадқиқотчи Питер Би. - Ўлимгача чуқур уйқу ҳолатига туширилганда эса жарроҳлик операцияси ўтказилиб инсон ҳаётини сақлаб қолиш мумкин.”
Инсонни узоқ уйқуга кетказиш келажакда минг йилларга чўзиладиган ўзга сайёраларга парвозда асқотиши мумкин. Ўзга сайёрага минг йилдан кейин етиб бориб, уйғонган инсон Ерда парвоздан олдин қандай ёшда бўлса, шу ҳолда ўзини кўради.
Қисқаси, инсонни узоқ вақт уйқуга кетказиш усулини ўрганиш инсониятни келажакда коинотнинг олис сарҳадларига парвозида қўл келиши мумкин. Аммо ҳақиқатнинг кўзига тик боқиш керак. Инсоният ҳали Қуёш тизимидан ташқарига учиб борадиган космик кемага эга эмас. Бу узоқ келажакда имкони топиладиган муаммо.
Аммо ўлимга маҳкум беморларни чуқур уйқу ҳолатига тушириш орқали қайта ҳаётга қайтаришга эришади. Келажакда инсоният умрини узайтириши тарихида янги саҳифа очса ажабмас.
Т.Шомуродов тайёрлади.