Индонезия Ғазо секторига юбориш учун 8 минг нафаргача ҳарбий тайёрлаётганини маълум қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
2025 йил охирида АҚШ воситачилигида Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув имзоланган. Индонезия ҳарбийлари мазкур келишувнинг иккинчи босқичи доирасида юборилиши режалаштирилмоқда. Индонезия армияси штаб бошлиғи, генерал Марули Симанжунтак аскарлар учун машғулотлар аллақачон бошланганини айтди.
Январь ойида АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан эълон қилинган “Тинчлик кенгаши” тузилмасига Индонезия ҳам қўшилган. Ушбу тузилма БМТ Хавфсизлик кенгаши мандати асосида Ғазода Халқаро барқарорлаштириш кучларини шакллантиришни назарда тутади. Кенгаш чегараларни қўриқлаш, ҳудудни демилитаризация қилиш ҳамда ҲАМАСни қуролсизлантириш жараёнига кўмаклашиши керак. 19 февраль куни Вашингтонда “Тинчлик кенгаши”нинг биринчи йиғилишини ўтказиш режалаштирилган.
Таъкидланишича, Индонезия ҳарбийлари Ғазода, асосан, тиббий ва муҳандислик вазифаларини бажаради. Бироқ қўшинларни жойлаштириш ва уларнинг аниқ роли ҳозирча очиқланмаган.