Бугун 6 май, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Имтиёзлар туфайли иш ўрни ва сифатли мутахассислар кўпаймоқда

Имтиёзлар туфайли иш ўрни ва сифатли мутахассислар кўпаймоқда

Мамлакатимизда сўнгги йилларда IT соҳасини ривожлантиришга сезиларли даражада эътибор ўзгарди. Зеро тараққиётимизни, иқтисодий ривожланишимизни усиз тасаввур қилишнинг иложи йўқ.

Бу борада 2017 йилда ташкил этилган IТ паркнинг роли ва аҳамияти катта. Соҳанинг локомотиви бўлган ушбу парк давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, IТ парк – истиқболли старт-ап лойиҳаларни ишга тушириш ва бозорга чиқаришни таъминлаш учун мўлжалланган объектлар, бинолар ва иншоотлар мажмуаси, IТ компаниялар учун, шу жумладан, илмий ва таълим ташкилотлари билан интеграциялашган ҳолда экстерриториал эркин иқтисодий зонадир.

Таъкидлаш ўринлики, иқтисодиёт ва экспортни ривожлантиришнинг энг қисқа ва самарали йўли бўлмиш ITнинг жадаллашиши ва янада мукаммаллашиб бораётгани туфайли Ўзбекистон технологик давлатга айланмоқда. 6 йил аввал бу соҳа юртимиз учун деярли бегона эди. Қисқа пайтда тармоқ нолдан барпо этилди ва натижада IТ – Янги Ўзбекистоннинг топ драйвер тармоқлари қаторидан жой олди. Хорижий давлатлар учун эса мамлакатимиз жозибадор локацияга айланди.

Дастлабки йилда диёримизда бу йўналишдаги компаниялар сони 147 та эди. IT парк ташкил этилиши натижасида улар сони муттасил ошиб, ҳозирда IT парк резидентлари сони 1 500 тага яқин. Улар орасида “Mohirdev”, “TASS Vision”, “MAAB Innovation”, “Green White Solutions”, “G-core”, “Modme”, “Aliftech” каби таниқли компанияларни мисол тариқасида келтириш мумкин.

Тақдим этилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари туфайли резидентлар қўшимча иш ўринларини яратиб, мутахассислар сонини кўпайтиришмоқда. Бугунги кунда иш билан таъминланганлар сони 22,5 минг нафарга етди. Мутахассислар “Revotech i-Transition”, “Datasite”, “i-TechArt” каби номдор компанияларда иш олиб боришяпти.

Уларга яратилган имтиёзларга диққатингизни қаратамиз. Жумладан, IT парк резидентларининг хорижий таъсисчилари (иштирокчилари) ва чет эллик мутахассисларига дивидендлар ва иш ҳақи тўловларини чет эл валютасида халқаро тўлов карталарига ўтказиш орқали амалга ошириш ҳуқуқи берилди. Соҳадаги мутахассислар, инвесторлар, шунингдек, резидентларнинг хорижий таъсисчилари учун уч йилгача бўлган муддатга амал қиладиган IT виза жорий этилди. Бундай компанияларни ташкил этиш ҳамда уларни IT парк резиденти сифатида рўйхатдан ўтказиш жараёнларини тезлаштириш мақсадида “TashRush” дастури жорий қилинди ва унинг доирасида ягона дарча тамойили асосида хизматлар кўрсатиш тартиби йўлга қўйилди. “TashRush” дастурига кўра IT парк чет эллик IТ мутахассисларга кўчиб ўтгандан кейин мослашишга, шунингдек, резидент компанияларга ишга жойлашишга ёрдам беради. Бу орқали IТ компаниялар ягона дарча тамойили бўйича юридик шахсни рўйхатдан ўтказиши, офис топиши ва ходимларни танлаши мумкин.

Натижа эса самарали! Эътибор беринг: 7 йил аввал мавжуд 4 та чет эл компанияси бугун 221 тага кўпайди. “Epam Systems”, “Exadel”, “Dyninno, East Games”, “AMC Bridg”, “Vention” ва “Qulix” шулар сирасидандир.

IT парк резидентлари томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 2017 йилда 179,9 млрд сўмни ташкил қилган бўлса, 2022 йил якуни бўйича 32,2 баробарга ортиб, 5,8 трлн сўмга етди. Экспорт ҳажми эса 2017 йилда 700 минг долларни ташкил этган ва 201 баробарга ўсиб, 2022 йилда 140,9 млн долларга етказилди. Экспортёр корхоналар сони 3 баробарга (316 та) ошди! Экспортининг асосий йуналишлари каторида – АҚШ, Буюк Британия, Сингапур ва МДҲ давлатлари жой олган. Республика бўйлаб IТ паркнинг жами 12 та ҳудудий филиали, шунингдек, АҚШ ва Германияда ваколатхоналари ташкил қилинди.

Яна бир мисол: 2021 йилдан бошлаб резидентлари томонидан амалга оширишга рухсат этилган фаолият турлари 4 дан 18 гача кенгайтирилди. Хусусан, робототехника, маълумотларни қайта ишлаш, IT аутсорсинг хизмат кўрсатиш, венчур молиялаштириш ҳамда акселерация дастурларини амалга ошириш, дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда мультимедиа, дизайн, мультипликация маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва хизмат кўрсатиш корхоналари ҳуқуқига эга бўлишди.

Шу билан бирга, ани вақтга қадар IT паркнинг старт-ап лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган инкубация ва акселерация дастурларини мувафаққиятли якунлаган 113 та истиқболли лойиҳа – жами 82,8 млрд сўмдан ортиқ миқдорда молиялаштирилди. “TASS Vision”, “Billz”, “IMAN”, “Sug‘urta bozor”, “Modme”, “Arzon аpteka” буларга ёрқин мисол бўла олади.

Экспертларнинг таъкидлашича, давлатнинг ривожланиши айнан IТ ривожланишига бевосита боғлиқ. Ўзбекистон ривожланган давлатлар қаторида барча эътиборини мазкур экотизимни яхшилаш учун қулай шарт-шароитни яратишга қаратаётгани ҳам бежиз эмас.

Айтиш мумкинки, соҳанинг амалдаги ўсиш суръатлари сақлаб қолинган ҳолда ривожланиш динамикаси тезлаштирилса республикамиз яқин 5-10 йил ичида халқаро IT бозорида ўз ўрнини мустаҳкам эгаллашга эришади. Бу эса хизматлар бозори жадаллашувига ва молиявий барқарорликни сақлашда муҳим аҳамият касб этади.

Бахтиёр Маниязов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Киритилди: 18:20 25.10.2023. Ўқилди: 1685 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!