Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

«Ижтимоий тармоқларда аксарият ҳиндлар бизнинг қайғумизни нишонламоқда»

«Ижтимоий тармоқларда аксарият ҳиндлар бизнинг қайғумизни нишонламоқда»

Кашмирда туғилган Аҳмад бин Қосимнинг отаси болалигидан бери қамоқда, онаси ҳам озодликдан маҳрум этилган. Аҳмад учун Ҳиндистоннинг Кашмирни қамал қилиши доимий қайғу демакдир.

Соат олтилар атрофида эшикнинг ғичирлашидан уйғониб кетдим. Хира ёритилган хонада онамнинг порлоқ чеҳрасига кўзим тушди. У ёнимга келди.

Онам юзимга қаттиқ тикилиб турарди. Кўзлари ёшга тўлганини пайқаб, ўрнимдан турдим.

– Нима бўлди, она? – дедим ташвиш аралаш. У эса пешанамдан ўпди. Аммо умид бағишловчи ёлғонларини айтишидан олдин хонага ҳиндистонлик икки полициячи кириб келди.

«Шошил! Ортиқча кутолмаймиз!» – деди улардан бири ўшқирганча. Юрагим тез ура бошлади. Тушкунлик туйғуси мени қамраб олганди. Оиламизнинг тинчини бузишга ўзини ҳақли деб ўйлаган икки нотаниш одам тунги чироқни ёққунига қадар мен онамнинг қўлидан тутиб, қочиб кетмоқчи бўлдим. Аммо ҳар қандай қаршилик онам учун вазиятни янада ёмонлаштирган бўларди.

Кейин онамнинг ётоқхонасига югурдим. Хона  бўшлиқ ва тушкунликка тўладек эди. Онамнинг астма ва артрит дориларни тўпладим. Дафтарчамдан варақ олиб, устига шошиб ёздим:

«Дунёдаги энг яхши онага!

Ёдингизда бўлсин, сизнинг йўқлигингизга кўникмайман. Мен сиз билан фахрланаман ва ҳар қандай бола ўз онасини севганидан кўра сизни кўпроқ яхши кўраман.

Мен сизни кутаман. Қайтишингиз учун дуо қиламан».

Дафтарчани ёнига қўйиб, унинг олдига югурдим.

– Ишингиз тугадими? – деб сўради мендан полициячи.

Онам томон юрдим. Хонага даҳшатли сукунат чўккан эди. У менга ожизлигини билдирадиган тарзда қаради. Онамни қучоқлаб олдим, унинг бошидан ўпдим.

– Эртага ҳайит, она, – дедим деярли йиғлаб.

У юзимни артиб: «Отанг нима деганини эслайсанми?» – деб сўради.

Кўз ёшларимни базўр тўхтатдим ва баланд овоз билан дедим: «Эркинлик йўқ экан, бу ҳеч нарсага арзимайди».

Хайрлашадиган вақт бўлганди. Ортимиздан овоз эшитилди:

«Сиз кишанланган бўлишингиз керак».

Полициячининг сўзлари ичимни ёндирди. Онам қўлларимни қаттиқ сиқиб қўйди. Уни полиция жипида олиб кетишди.

Ўша кундан бери беш йил ўтди. Ҳар ҳайит онамнинг қайтишига умид қиламан, лекин ҳамон мен кутган кун келганича йўқ.

Мен 1999 йилда, иккита сиёсий диссидентнинг уйида туғилганман. Туғилганимдан икки ой ўтгач, отам Ҳиндистоннинг Кашмирни босиб олишига қаршилик кўрсатгани учун қамоққа ташланди. У умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Мен у билан қамоқхона ташқарисида бир дақиқа ҳам вақт ўтказмадим. Кўплаб кашмирлик болалар ва мен учун оталаримизни очиқ осмон остида кутиб олишнинг ягона вақти уларнинг дафн маросимида бўлади.

***

Илк бора онамдан отамнинг қаердалиги ҳақида сўраганимда эндигина беш ёшга тўлган эдим.

«У рост гапиргани учун қамалган», – деди у менга.

Мен унга ишонолмадим. Нега кимдир тўғри иш қилгани учун азоб чекиши керак? Кейинчалик отамни уй вазифасини қилмагани учун қамашган бўлса керак, деган хулосага келдим.

Бу фикр болалигимда маъно берди. Йилларча бунга ишониб келдим. Бир куни, отамни соғинаётганимда уй вазифасини ташлаб кетишга қарор қилдим, у билан доимий яшашнинг ягона йўли шу эди мен учун. Аммо бундай бўлмади.

Бугун одамлар ўз уйларида, ўз ерларида тутқундек яшамоқда.

Ташқи дунё билан ҳар қандай алоқа – интернет ва мобил алоқа ёпиқлигича қолмоқда. Кечқурун мактаблар ёпилади, кўчадаги болалар мажбуран уйларига ҳайдалади. Кўчалар бўм-бўш.

Ҳар қандай норозилик намойишини бостириш учун камида 700 минг ҳинд қуролли кучлари жойлаштирилган. Бу аскарларни кўриш – бу ҳар куни ишғол тўғрисида эслатмадан бошқа нарса эмас.

Мен Жорж Орвеллнинг «1984»идаги ҳаётни Кашмирда кўрмоқдаман. Паралеллар ҳайратланарли. Ҳинд давлати қуролсиз кашмирликларга қарши қонли уруш эълон қилди ва бу тинчликни таъминлаш мақсадида бўлаётганини даъво қилмоқда!

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ривожланишнинг илк тонги сифатида ички қамални эълон қилди. Полиция бирор жиноят содир этмасимиздан бизни уйларимизга қамаб қўйди.

Ҳиндистон бу амалиётлар пайтида камида 2300 кишини ҳибсга олди. Ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайдиган ҳар қандай кашмирлик жиноятчи ва террорчи деб ҳисобланади. Бу ерда сизда  қуйидагича танлов бўлиши мумкин: ё ўлдириласиз, ё ҳибсга олишади, ёки уй қамоғида сақлашади.

Ҳинд ОАВ романдаги Ҳақиқат вазирлиги вазифасини бажармоқда. Ижтимоий тармоқларда ҳиндларнинг аксарияти бизнинг қайғумизни нишонламоқда. Ҳамма таъқибларни оқлаш билан машғул. Мен твит ёздим. Онамнинг касаллиги, унга тиббий ёрдам кўрсатишнинг рад этилгани ва узоқ вақт қамоқхонада ушлаб турилиши ҳақида айтганимда деярли ҳамма ҳиндлар унинг ўлимини кутишаётгани маълум бўлди. Баъзилар уни очиқчасига осиш кераклигини айтди. Нақадар даҳшат!

Онамм қамоқдан ойига бир марта қўнғироқ қиларди. Қўнғироқ тахминан беш дақиқа давом этарди. Энди ҳатто шу ҳам мумкин эмас. Мен унга бир ҳафта олдин хат ёздим, лекин  кейин Ҳиндистоннинг Кашмирда почта алоқаси хизматлари ёпганидан хабар топдим.

Энди онам ҳақида бирор янгилик бор-йўқлигини билиш учун унинг исмини интернетда қидираман. Сўнгги бор бир неча ой олдин суҳбатлашдик, унинг овози суст эшитилди. Ундан бу ҳақда сўрадим, лекин у менга ўзимни асрашимни ва умидимни йўқотмасликни айтди. Хайрлашиши биланоқ йўталганини эшитдим. У қўнғироқ пайтида йўталини бўғиб қўяётган эди. Ўзи қафасда бўлса-да, менга суянч бўлишга ҳаракат қиларди. Жасорат ҳақида гап кетганда, Кашмирдаги оналар ҳамма нарсадан устундир.

Уч йил олдин ота-оналар ва ўқитувчилар йиғилишида ёлғиз иштирок этишимга тўғри келди, чунки ота-онам қамоқда. Эртаси куни ғазабга тўлиб, уларни кўргани бордим.

«Нега энди биз оддий ҳаёт кечира олмаймиз!?» – деб бақирдим ўшанда.

Дадам хотиржамлик билан ҳаётимиз одатдагидек эканини айтди. Мен уни бефарқ деб ўйладим. Ғазабланган кўйи учрашув залидан чиқиб кетдим. Ҳар қандай одам қулликнинг ғайритабиий ва инсон табиатига ўхшамаслигини тушунади. Қаршилик нормалдир. Озодликсиз бахтли яшаш ғайритабиийдир.

Бизни йўқ қилишга қаратилган ишғол остида яшаш – бу инқилобий ҳаракат. Ҳаммамиз террордан бошқа нарса бўлмаган бу қамалдан омон чиқсак, ўзимизни музаффар ҳис қилишимиз аниқ.

Manba; azon.uz

Киритилди: 22:00 12.09.2019. Ўқилди: 1804 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!