Ўзбекистон ҳудудида ичимлик суви таъминотининг 42 фоизи ер ости, 58 фоизи ер усти сув манбаларидан ишлаб чиқарилади.
Бугунги кунда марказлашган тизим орқали аҳолига узлуксиз ва сифатли ичимлик суви етказиб бериш бирмунча меҳнат ва харажатларни талаб этади.
Сўнгги пайтда Ўзбекистонда сув нархи арзонлиги боис, сувни исроф қилиш ҳолатлари кўпаймоқда. Ваҳоланки, уни тежаш, сувдан унумли ва тўғри фойдаланиш – долзарб масала.
“Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖда бўлиб ўтган “Тошкент шаҳрида ичимлик ва оқова сув тарифлари: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги матбуот анжуманида соҳа мутахассислари, масъул ходимлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Таъкидланишича, 2022 йилнинг 22 июлидан кучга кирган (ЎРҚ-784-сонли) Ўзбекистон Республикасининг “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги қонунига асосан ичимлик ва оқова сув тарифлари Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилади ва монополияга, молия органлари хулосалари асосида ҳудудий Халқ депутатлари Кенгашлари томонидан белгиланади.
Ичимлик суви тариф даражалари шакллантирилиши кўплаб омилларни ҳисобга олади. Тарифлар ҳудудларнинг географик жойлашуви, сув манбаларининг аҳоли пунктларига узоқ-яқинлиги, сув манбаларининг чучуклиги ва шўрлиги, сувнинг қаттиқлик даражасига қараб қайта ишлаш харажатлари, шунингдек, электр энергия, иш ҳақи, реагентлар, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари, амортизация ажратмалари, ХМИ кредитларини қайтариш харажатларидан ташкил топади.
Республикада 1 метр/куб ичимлик суви учун ўртача тариф аҳоли истеъмолчилари учун 1 384 сўм, бюджет ташкилотлари учун 2 851 сўм ва бошқа улгуржи истеъмолчиларга 3 187 сўм, 1 метр/куб канализация хизматлари бўйича ўртача тариф аҳолига 888 сўм, бюджет ташкилотларига 1 669 сўм ва бошқа улгуржи истеъмолчиларга 2 001 сўмдан иборатдир.
Бугунги кунда Республика бўйича аҳолига энг арзон 1 метр/куб тариф қиймати Тошкент шаҳрида 400 сўм, энг қиммат тариф қиймати Навоий вилоятида 3 000 сўмни ташкил этмоқда.
Бир литр ичимлик суви аҳолига марказлашган тармоқлар орқали 1 сўм 38 тийинга етказиб берилмоқда. Савдо дўконларида эса 1 литр пластик қадоқдаги сув ўртача 3000 сўм. Бундан кўринадики, 2 200 баравар арзон ёки савдо дўконларида харид қилинадиган 1 литр сув пулига Тошкент шаҳрида 7 минг литр ичимлик суви етказиб берилади.
Маълумот учун: 1 метр куб ичимлик суви тариф харажатларида электр энергия харажатлари 27 фоизни, мукаммал ва жорий таъмирлаш харажатлари 19 фоизни, хорижий молия ташкилотларининг жалб этилган кредитларини қайтариш харажатлари 21 фоизни, иш ҳақи харажатлари 29 фоизни, амортизация ва бошқа харажатлари 4 фоизни ташкил этади.
Анжуманда бугунги кунда 4,5 миллион истеъмолчида ичимлик суви таъминоти мавжуд бўлиб, шундан 3 миллион истеъмолчи ёки 66,3 фоизида сув ҳисоблагич мавжудлиги, 1,5 миллион истеъмолчи ёки 33,7 фоизи ичимлик сувидан сув ҳисоблагичсиз фойдаланишига эътибор қаратилди.
Соҳа мутахассислари томонидан ичимлик сувидан ҳисоблагичлар орқали фойдаланиш истеъмолчиларга анча арзонга тушиши, сабаби ҳисоб-китобларга кўра сув ҳисоблагичлар ўрнатган ҳолда ичимлик сувидан фойдаланганда харажатлар камида 2 баробарга қисқариши таъкидланди.
Шунингдек, “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ мутахассислари соҳадаги янгиликлар, тўлов маданияти, кадрлар масаласи, марказлашган ичимлик сув таъминотидаги муаммолар, уларнинг сабаблари ҳақида ОАВ вакилларига маълумот берди.