Ҳиндистон олий суди 2019 йилнинг 4 январида Бобур масжидининг жойи кимга тегишли экани ҳақидаги баҳсли масалани кўриб чиқади. Бу ҳақда Анадолу агентлиги хабар бермоқда.
Ҳиндлар масжид жойлашган ерда аслида Рам ибодатхонаси бўлганини айтмоқда ва улар ибодатхонани тиклаш ниятида.
Бобур масжиди 1527 йилда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг фармонига биноан Айодхья шаҳрида барпо этилган. У Уттар-Прадеш штатидаги энг йирик масжидлардан бири бўлган.
1992 йилнинг 6 декабрида Бобур масжиди минглаб мутаассиб ҳиндлар томонидан бузиб ташланган. Ваҳоланки, Ҳиндистон олий суди мазкур тарихий обида муҳофаза этилиши кераклиги ҳақида қарор чиқарган эди. Масжиднинг бузилиши мусулмонлар ва ҳиндлар ўртасида тўқнашувларга ва 2 мингдан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлди, қурбонларнинг аксари мусулмонлар эди.
Ҳиндларнинг иддаосига кўра, Рамаяна достони қаҳрамони Рам туғилган сарой-ибодатхона айнан Бобур масжиди қурилган жойда бўлган. Рамни тарихий шахс деб ўйловчиларнинг фикрича, мусулмонлар бу саройни бузиб, ўрнига масжид қурган.
Manba: azon.uz