Ҳиндистон шимолидаги Кашмир минтақасида жойлашган полиция бўлимида содир бўлган кучли портлаш ортидан камида 9 киши ҳалок бўлди, 32 нафар фуқаро эса турли даражада жароҳат олди.
Портлаш 14 ноябрь куни кечаси, тахминан соат 23:00 да юз берган. Вафот этганлар орасида полиция ходимлари, давлат ташкилотларида ишловчи мутахассислар ҳамда портловчи моддаларни ўрганаётган криминалистлар бўлган.
Расмий маълумотларга кўра, портлашга 360 килограмм миқдорда аммоний нитрат сақланаётган жойдаги техник носозлик сабаб бўлган бўлиши мумкин. Терговчилар ҳозирча ҳодиса “тасодифий портлаш” бўлгани, ҳарбийлар ёки террорчилар иштироки аниқланмаганини билдирмоқда.
Кучли портлаш оқибатлари жуда даҳшатли: айрим жасад қисмлари воқеа жойидан 100 метр ва ундан узоқ масофадан топилган. Бир нечта таналар шунчалик куйиб кетганки, уларни аниқлаш ишлари давом этмоқда. Бинонинг катта қисми вайрон бўлган, станциядаги автомобиллар ёнган, атрофдаги уйлар ойналари синиб кетган. Портлаш зарбаси ҳатто бир неча километр нарида ҳам сезилган.
Воқеа минтақада хавфсизлик борасидаги кескин вазият фонида содир бўлди. Атиги 4 кун аввал Деҳлида автомобиль портлаши оқибатида 8 киши ҳалок бўлганди ва ўнлаб одамлар жароҳатланганди. Ўша воқеа Ҳиндистон ҳукумати томонидан “террорчилик ҳужуми” сифатида баҳоланган эди.
Кашмир ҳудуди Қўшни Покистон билан ўнлаб йиллардан буён давом этаётган кескинлик марказида бўлиб келади. Ҳудуд устидан икки давлат ҳам даъво қилмоқда ва амалда у бўлиб бошқарилади.