Ҳиндистон жанубидаги Керала штатида пиротехника омборида содир бўлган ёнғин оқибатида 150 киши жабрланди, улардан саккиз нафари оғир аҳволда.
India Today нашрининг ёзишича, омбор ёнғин пайтида Дивали миллий байрами муносабати билан фестиваль ўтказилаётган ҳинд ибодатхонаси ёнида жойлашган.
Полициянинг маълум қилишича, пиротехника омборидаги биринчи портлашлар маҳаллий вақт билан соат 00:30 атрофида Anjuthambalam Veerarkavu ибодатхонаси яқинида эшитилган. Ҳодиса сабаблари ҳозирча аниқланмоқда. Саккиз нафар ибодатхона ходимига портловчи моддаларни сақлаш қоидаларини бузганлик учун жиноий иш қўзғатилган. Яраланганлар Касарагод, Каннур ва Мангалурудаги шифохоналарда даволанмоқда.
Дивали ҳиндларнинг асосий байрамларидан бири бўлиб, у яхшиликнинг ёвузлик устидан ғалаба қозонишини англатади. У шунингдек, «Чироқлар фестивали» деб аталади, чунки бу кунда шам ёқиш, шунингдек, ичида олов ва оташинлар билан «осмон чироқларини» ёқиш одат тусига киради.