Ҳиндистон 7 йил ичида илк бор Эрондан нефт импортини қайта тиклади. Расмийлар тўлов билан боғлиқ муаммолар йўқлигини маълум қилишди.
Бу ҳақда Ҳиндистон Нефт ва табиий газ вазирлиги хабар берди.
Идора ўзининг X саҳифасида эълон қилинган баёнотда айтилишича, Ҳиндистон нефтни қайта ишлаш компаниялари ўзларининг хомашёга бўлган эҳтиёжларини, жумладан, Эрон етказиб бериши ҳисобига таъминлаган.
"Тарқатилаётган миш-мишлардан фарқли ўлароқ, Эрон нефти импорти учун тўловларни амалга оширишда ҳеч қандай тўсиқлар йўқ", — дея таъкидлади вазирлик.
Reuters агентлигининг қайд этишича, Ҳиндистон Қўшма Штатларнинг санкциялар босими туфайли 2019 йилдан бери Эрондан нефт импорт қилмаётган эди. Харидларнинг қайта тикланиши АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши ортидан етказиб беришдаги узилишлар сабабли Вашингтон томонидан чекловларнинг вақтинча юмшатилиши фонида юз берди, дейилади хабарда.