Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Хабар берилишича, Нарендра Моди ушбу мурожаатини Ҳайдаробод шаҳридаги митингда айтган. У дунёдаги ҳозирги вазият сабаб Ҳиндистон валюта захираларини тежашга жиддий эътибор қаратиши зарурлигини таъкидлаган.
Ҳиндистон бош вазири коронавирус пандемияси даврида кенг қўлланган масофавий ишлаш ва онлайн мажлис ўтказиш каби чоралар ёнилғи истеъмолини камайтиришини билдирган.
Шунингдек, Моди фуқароларни метро ва бошқа жамоат транспортидан кўпроқ фойдаланишга, имкон қадар бир транспортда бир неча киши бўлиб ҳаракатланишга чақирган.
Бундан ташқари, бош вазир фуқаролардан камида бир йил давомида зарур бўлмаган хорижий сафарлардан воз кечишни ва олтин харид қилмасликни сўради. Ҳиндистон, айниқса, тўй мавсумида олтин импортига катта маблағ сарфлайди. Шунингдек, у оилаларни ўсимлик ёғи истеъмолини камайтиришга, фермерларни эса ўғитлардан фойдаланишни қарийб икки бараварга қисқартиришга чақирди.
Ҳиндистон бош вазирининг мурожаати Эрон билан боғлиқ уруш ва Ҳўрмуз бўғозидан кемалар қатнови чеклангани сабаб нефт нархлари кескин ошгани фонида янгради. Ҳўрмуз бўғози ёпилганидан кейинги икки ой ичида дунё миллиард баррелдан ортиқ нефт етказиб беришдан маҳрум бўлди. Ҳозирда давлатларнинг нефт захиралари рекорд даражада камаймоқда.